ШҲТ форуми қандай ғояларни илгари сурди?
III Халқаро Мақом санъати форуми доирасида ўтказилган ШҲТга аъзо давлатларнинг маданиятлараро мулоқоти маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва халқлар ўртасидаги ўзаро англашувни кенгайтиришга қаратилган муҳим майдонга айланди.
Форумда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар маданият вазирлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, экспертлар ҳамда санъат ва маданият соҳаси мутахассислари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, маданий-гуманитар ҳамкорлик ШҲТ фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ташкилотга аъзо давлатлар ўзаро ҳурмат, яхши қўшничилик, ишонч ва маданий хилма-хиллик тамойиллари асосида ҳамкорликни изчил ривожлантириб келмоқда.
Жорий йилда ШҲТ ташкил этилганининг 25 йиллиги нишонланаётгани форумга алоҳида рамзий аҳамият бағишлади. Иштирокчилар ўтган давр мобайнида ташкилот сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда самарали ҳамкорликни йўлга қўйган нуфузли халқаро тузилмага айланганини қайд этди.
Бугунги глобаллашув шароитида маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш, халқлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, стереотипларни бартараф этиш ва турли цивилизациялар вакиллари ўртасида самарали мулоқотни кенгайтириш муҳим вазифа сифатида эътироф этилди.
Форумда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган мазкур мулоқот платформаси ШҲТ маконида маданий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши таъкидланди. Ўзбекистон кино, театр, мусиқа, рақс санъати ва музейлар соҳасида аъзо давлатлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиб, ташкилотнинг маданий лойиҳаларида фаол иштирок этиб келмоқда.
Шунингдек, “Маданият кунлари”ни ўтказиш, қўшма театр гастроллари, музей кўргазмалари ва халқаро фестивалларда ўзаро иштирок этиш маданий алоқаларни мустаҳкамлашнинг муҳим воситаси сифатида эътироф этилди.
Форум иштирокчилари ШҲТ мамлакатлари аҳолиси сони 3 миллиарддан ортиқ экани, бу эса дунё аҳолисининг қарийб ярмини ташкил қилишини қайд этиб, ушбу улкан салоҳиятдан самарали фойдаланиш ва қўшма маданий лойиҳалар сонини кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.
Тадбир давомида миллий анъана ва қадриятларни асрашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш, маданий меросни рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда уни сақлаш, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро форум ва фестиваллардаги ҳамкорликни кенгайтириш каби устувор вазифалар белгилаб олинди.
Форум якунида маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ШҲТ маконида дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро англашув муҳитини ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш бўйича фикрлар билдирилди.
Иштирокчилар мазкур форум ШҲТ давлатлари ўртасидаги маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, халқларни яқинлаштириш ва “Шанхай руҳи” тамойилларини амалда рўёбга чиқаришга хизмат қилишини қайд этди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА