ШҲТ – дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилот
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг матбуотда чоп этилган “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” номли мақоласини ўқиб, минтақалараро ҳамкорлик алоқалари янада кенгайиши, бу ҳамкорлик нафақат ШҲТга аъзо мамлакатлар, балки дунёдаги барча давлатлар учун фойдали бўлиб қолишига ишонч ҳосил қилдим. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бугунги кунга келиб ШҲТ ҳамжамияти – улкан географик маконни қамраб олган ва сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирган, дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилотга айланди.
Аниқ фактларга асосланган ва сермазмун мақолада Ташкилотга раислик бизга ҳар бир давлат билан икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда янада кенг қамровли шериклик учун янги йўналишларни белгилаб олиш учун яхши имкониятлар бергани қайд этилган. Шунингдек, “Бундай мураккаб шароитда бир ҳақиқат аниқ: ҳеч бир мамлакат ёлғиз ҳолда ушбу глобал хавф-хатарларни четлаб ўтиш ёки бартараф этишга қодир эмас”, дейилади давлатимиз раҳбарининг мақоласида. Зеро, тарихдан маълумки, ҳеч бир давлат ҳамкорлар ва шерикларсиз бебаҳо неъмат – тинчликни асраб-авайлашга тўлақонли эриша олмайди. Муҳими, турли келишмовчилик ва талотўплар авж олган сайёрамизда, “глобал иқлим ўзгариши, табиий бойликлар ва сув ресурслари танқислиги ортиб бораётган, биохилма-хилликка путур етаётган ҳамда хавфли юқумли касалликлар тарқалиши” халқлар учун хавф-хатар солаётган бугунги замонда фақатгина бирдамлик ва ҳамжиҳатлик ёрдамидагина бахтли ва фаровон ҳаёт кечириш мумкинлиги, мавжуд ва энди пайдо бўладиган тўсиқларни биргаликда енгиб ўтиш имкониятлари тобора аёнлашиб бормоқда. Шу жиҳатдан мазкур ташкилотнинг нуфузи ва салмоғи кун сайин ортиб бормоқда.
Президентимиз таъбири билан айтганда, савдо-иқтисодий ва ишлаб чиқариш алоқаларининг жиддий узилишига олиб келган уч йиллик пандемия танаффусидан сўнг ШҲТ мамлакатлари ва халқларига тўғридан-тўғри мулоқот зарур. Тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга хавф туғдираётган, ҳар қайси мамлакатга рахна соладиган таҳдид ва хатарларга қарши умумий саъй-ҳаракат ва имкониятларни бирлаштириш ва сафарбар этиш барчамиз учун бирдек манфаатлидир.
Мақолада яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратилгани аҳамиятлидир: Самарқанднинг шонли тарихий мероси! Аслида ҳам, Буюк Ипак йўлининг дурдонаси бўлган бу қадимий шаҳар кўп асрлар мобайнида Хитойдан Европагача бўлган мамлакатларни мустаҳкам ришталар билан боғлаб, Шимол ва Жанубни, Шарқ ва Ғарбни ягона чорраҳада туташтирган. Бинобарин, саммитнинг Самарқанд шаҳрида ўтказилаётганида рамзий маъно бор. Президентимиз айтганидек, “Самарқанд руҳи” бундан 20 йил аввал мамлакатларимизнинг давр талабларига мос, янги ташкилотни яратишига туртки берган “Шанхай руҳи” ни уйғун равишда тўлдириб туради.
Таъкидлаш керак, ўтган йиллар давомида ШҲТ маслаҳат механизми форматидан кенг қамровли давлатлараро бирлашма даражасигача такомиллашиб, юксалиб борди. Айниқса, Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги даврида эзгу саъй-ҳаракатларга эришилганини алоҳида эътироф этиш лозим. Шу маънода, Самарқандда Ташкилот фаолиятининг янги босқичи бошланишига, минтақалараро ишончли ҳамкорликнинг янги амалий кўринишларига старт берилишига ишончимиз комил.
Бир сўз билан айтганда, мазкур кенг миқёсли сиёсий тадбир давлатлар ўртасида ўзаро дўстлик, ишонч ва яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш, умумий хавфсизлик ва тараққиётни таъминлаш, барча устувор соҳалар бўйича самарали ҳамкорликни ривожлантириш борасида янги саҳифалар очилишига туртки бўлади.
Азизахон Расулова,
Фарғона давлат университети
Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси мудири,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
ЎзА