Шерободда энг сара анорлар намойиш этилади
Сурхондарё вилояти Шеробод туманида жорий йилнинг 5 октябрь куни анор фестивали ўтказилади.
Европа Иттифоқи комиссияси, Жаҳон банки, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, вазирлик ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Анорчилар ассоциацияси ва бошқа ҳамкорлар иштирокида ташкил этилаётган фестивалда “Мевалар қироли” сифатида таърифланадиган анор навлари, мазали таъми ҳамда истиқболлари билан яқиндан танишиш, унинг шифобахш хусусиятларини янада чуқурроқ билиб олиш мумкин.
Шу муносабат билан Сурхондарё вилояти туризм ва маданий мерос бош бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Анорчилар ассоциацияси ҳамкорлигида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун Шеробод туманига пресс-тур ташкил этилди.
Шеробод тумани сўнгги йилларда ўзининг қуёш нурига тўйинган анорлари билан ҳам дунёга танилмоқда. Айни пайтда туманда беш минг гектарга яқин ҳосил бераётган анорзор мавжуд. Анор майдонларининг 700 гектардан ортиғи фермер ва деҳқон хўжаликларига, 3 минг 400 гектардан зиёди аҳоли томорқалари ҳамда тадбиркорлар ҳиссасига тўғри келади. Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириб, замонавий инновацион технологияларни жорий этишга қаратилаётган эътибор анорчиликни ҳам сердаромад тармоққа айлантириб, соҳага аҳоли ва тадбиркорлар қизиқишини янада оширмоқда. Бунинг натижасида анор боғлари йил сайин кенгайиб бораётир. Биргина ўтган йилнинг ўзида туманда 1 минг 200 гектардан ортиқ майдонда янги анорзорлар ташкил этилган. Анор парваришлаш ва мўл ҳосил олиш учун қулай иқлимга эга туманда етиштирилаётган “Гулоби”, “Қозоқи”, “Тошқўрғон”, “Гайзара”, “Қора дона” каби анор навлари узоқ муддат сақланиши, ширинлиги ва витаминларга бойлиги билан харидорлар эътиборини тортмоқда. “Қува” нави ҳам синовдан ўтказилиб, маҳаллий шароитда етиштириш йўлга қўйилмоқда. Мутахассисларнинг маълумотига кўра, сайёрамизда анорнинг 500 га яқин тури мавжуд. Мамлакатимизда 30 турдан ортиқ анор парваришланади. Айни пайтда анор навларини паспортлаштириш ишлари олиб борилаётир. Ҳозиргача тўртта навга паспорт олинди.

Пресс-тур қатнашчилари дастлаб тумандаги “Шеробод Анор Импекс” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, бу ерда анорни саралаш ва қайта ишлаш технологиялари билан танишди. Қиймати 1 миллион долларлик замонавий технология ўрнатилган корхона анорнинг таъмини, рангини, оғирлиги ва анор пўстлоғининг қалин ёки юпқалигини аниқлаш ҳамда турларга ажратилгач, экспортбоп қилиб қадоқлаш дастгоҳлари билан жиҳозланган. Иккинчи навга ажратилган мевани қайта ишлаб, табиий сок оладиган корхона, хом ашё ва тайёр маҳсулотни сақлайдиган омборхона ҳам бунёд этилган. Замонавий корхонада юзга яқин иш ўрни яратилган.
–Словакия технологияси билан жиҳозланган корхонамизда табиий анор шарбати 0,33 граммлик шиша идишларга экспортбоп қилиб қадоқланади, – дейди корхона маркетинг бўлими бошлиғи Абдулворис Тоҳиров. – Идиш қопқоғи Хитой бамбукларидан тайёрланган. Энг муҳими анор мевасини қайта ишлаб, шарбат олиш жараёнида унинг барча фойдали озуқалари сақланиб қолади. Корхонамизнинг дастлабки маҳсулотлари Корея ва Россияга экспорт қилинган бўлса, эндиликда Европа бозорига чиқиш учун ҳам тегишли сертификат олинди. Яқин кунларда янги ҳосилни қабул қилиб, қайта ишлаш бошланади.

Тумандаги “Сардорбек Султонбек” анорчилик ва чорвачилик масъулияти чекланган жамияти 43 гектар майдонда “Қозоқи” навли анор кўчатларини парваришламоқда. Икки йил аввал экилган ниҳоллар жорий йилда илк ҳосил нишонларини кўрсатди. Тадбиркор Санжарбек Алланазаров боғда парваришланаётган анорнинг нави, таъми ва ҳосилдорлиги ҳақида етарли маълумот берди. Мажнунтол маҳалласи ҳудудидаги “Абдулазизов Зиёдулло Баҳриддинович” анорчилик фермер хўжалигининг икки гектар ер майдонида “Оқпар”, “Майский” навли анор парваришланмоқда. Кўп йиллик анорзорда ҳосил чўғи баланд. Жорий йилда фермер мавжуд боғдан 60 тоннадан ортиқ сара мева олишни мўлжалламоқда.
Журналистлар хўжалик анорзори билан танишиб, меваларнинг таъмини тотиб кўрди. Боғбонлар билан дилдан суҳбатлашиб, анор парваришлаш сир асрорлари билан қизиқди.
– Фестиваль мамлакатимиз анор етиштирувчи тадбиркорлар ва боғбонларни бирлаштириб, ўзаро тажриба алмашиши учун кенг имконият яратади, – дейди Ўзбекистон Анорчилар ассоциацияси раиси Мастура Сайфитдинова. – Шунингдек, дунёда соҳада юз бераётган янгиликлар ҳамда Ўзбекистонда анорчилик истиқболлари билан танишади. Бунинг учун фестиваль доирасида семинар ташкил этиш режалаштирилган. Унда хорижлик меҳмонлар ҳам иштирок этади. Тажрибали олимларнинг қизиқарли маърузалари тингланади. Фестивалда мамлакатимиз анор етиштирувчилари ўз маҳсулотлари намуналари кўргазмасини ташкил этади. “Энг мазали анор нави”, “Энг катта анор”, “Энг мазали анор шарбати”, “Энг чиройли тозаланган анор” каби номинациялар ғолиблари аниқланиб, муносиб рағбатлантирилади.
Пресс-турда вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Зебинисо Алимардонова анорчилик етакчи тармоқлардан бирига айланаётган туманда агротуризмни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишлар хусусида маълумот берди. Илк марта ўтказилаётган фестивалнинг келгусида бу ерда етиштирилаётган “Мевалар қироли”нинг дунё бозорларини янада кенг забт этишдаги аҳамияти ҳақида фикр алмашди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА