Шахмат-шашка турнири ўтказилди
Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги ПФ-6099-сон "Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ижросини таьминлаш ҳамда спортни янада кенгроқ тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси томонидан нотариуслар ўртасида шахмат-шашка бўйича кубоги турнири ўтказилиб келинмоқда.
Айтиш жоизки, интеллектуал спорт тури ҳисобланган шахмат-шашка турнири нотариуслар ўртасида олтинчи бор ўтказилмоқда.
Турнирнинг ҳудудий босқичи июнь ойининг 15 санасига қадар ўтказилиб, эркак ва аёл нотариуслар орасидан шахмат ва шашка бўйича кучлилари саралаб олинган эди.
Бугун Жиззах шаҳрида турнирнинг республика босқичида айни шу ғолиблар “Ўзбекистон Нотариал палатаси кубоги” учун беллашадилар.
Турнирнинг финал босқичини Нотариал палатанинг Жиззах вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Улуғбек Абдужалилов очди ва иштирокчиларга омад тилади.
Шундан сўнг эркаклар ўртасида шахмат, аёллар ўртасида шашка бўйича қуръа ташланди ва ўйинлар бошланиб кетди.
Оқ ва қора доналарда шахмат тахтаси узра ўтган муросасиз баҳсларда Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Алишер Абдиназаровнинг қўли баланд келди. Жиззах шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Элдор Ортиқов 2-ўрин, Андижон вилояти Бўстон туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Муқимжон Мўйдинов 3-ўринни эгалладилар.
Шашка бўйича аёл нотариуслар ҳам бўш келмадилар. Ҳакамлар ҳаваскор шашкачиларнинг ғалабага бўлган интилишларини юксак баҳоладилар. Хоразм вилояти Хива туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Гавҳаржон Оқмаматова аёллар ўртасида энг моҳир шашкачи деб топилди.
Жиззах шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Зарнигор Хабибуллаева иккинчи ўрин, Термиз шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Муаттар Аллаярова 3-чи ўринларни эгалладилар.
Ғолибларга Нотариал палатанинг диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
ЎзА