Шахмат: Осиё чемпионатининг 6-турида Тоҳиржонова – Ҳамдамова баҳси ўтказилади
Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида шахмат бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида давом этаётган Осиё чемпионатининг ортда қолган 5-тур баҳсларидан кейин ҳамюртларимиз Афруза Ҳамдамова ва Гулруҳбегим Тоҳиржонова 4,5 очко билан 102 нафар иштирокчи орасида етакчилик қилмоқда.
Кеча ўтказилган 5-тур ўйинларида А.Ҳамдамова оқ доналарда ФИДЕ байроғи остида мусобақада қатнашаётган Мария Першинани, Г.Тоҳиржонова қозоғистонлик Амина Каирбековани мағлуб этди.

Шунингдек, ушбу турда Н.Имомқўзиева индонезиялик, Асал Салимова мўғулистонлик шахматчи қизни доғда қолдирди. Ҳамюртларимиздан Мадинабону Халилова ва Гулдона Каримова мўғулистонлик қизлар билан муроса йўлини танлади.
Чемпионатнинг очиқ мусобақалари 5-турида ҳамюртларимиздан А.Абдусалимов оқ доналарда ҳиндистонлик Абтин Атаханни, Ҳ.Бекмуратов қора доналарда япониялик Шо Моритани мағлуб этди. О.Ниғматов ва С.Саидалиев қора доналарда ФИДЕ байроғи остида ҳаракатланаётган Евгений Нажер ва Давид Правян билан тенгликка имзо чекди.

Эркаклар мусобақасида ФИДЕ байроғи остида биринчиликда қатнашаётган Zhamsaran Tsydypov(Zhamsaran Tsydypov) 4,5 очко билан турнир жадвалини бошқариб турган вазиятда терма жамоамиз аъзоларидан Абдумалик Абдусалимов 4 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра, 6-поғонани банд этиб турибди.

Бугун, 3 июнь куни қитъа чемпионатининг навбатдаги 6-тур ўйинларида ҳамюртларимиз Тоҳиржонова ва Ҳамдамова қарама-қаршилигидаги баҳс чемпионатнинг марказий мусобақаси кўринишини олиши шубҳасиз.
Эркаклар мусобақасининг 6-турида А.Абдусалимов қора доналарда вьетнамлик Тран Гиан Пхус Пхам билан баҳс олиб боради.

Айтиш лозим, мукофот жамғармаси 100 минг АҚШ долларидан иборат чемпионатда энг яхши кўрсаткичга эга 5 нафар, аёллар ўртасида 1 нафар иштирокчи 2027 йилги Жаҳон кубоги йўлланмасига эга чиқади.
Чемпионат 6 июнга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА