Шахмат олимпиадасига тайёргарлик қизғин
Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси, III Парашахмат олимпиадаси ва Халқаро шахмат федерацияси (FIDE)нинг 97-конгрессига тайёргарлик жараёнлари қизғин давом этмоқда. Айни пайтда мусобақалар ўтказиладиган павильонларда сўнгги тайёргарлик ишлари бажарилмоқда.
Олимпиадага комплекс тайёргарлик кўриш учун тузилган махсус ташкилий қўмита FIDE билан ҳамкорликда белгиланган тартибда олимпиада билан боғлиқ барча чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Белгиланган спорт иншоотлари ташкилот халқаро стандартларига мослаштирилиб, барча вазифалар ижроси жойида ўрганилиб, мусобақа масъуллари билан назорат қилинмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 10 сентябридан бошланиши кўзда тутилган парашахмат олимпиадаси ўтказиладиган жойда тайёргарлик жараёни мусобақа бош ҳаками, сербиялик халқаро тоифадаги шахмат ҳаками Небойша Баралич ҳамда бошқа масъуллар иштирокида назорат қилиб борилмоқда.
[gallery-31315]
– Самарқандда ўтказилаётган навбатдаги шахмат олимпиадаси ҳам аввалгилари каби юқори савияда ўтишига ишонаман, – дейди мусобақа бош ҳаками Небойша Баралич. – Маҳаллий масъуллар FIDE билан ҳамкорликда барча ташкилий масалаларни юқори суръатда олиб боришмоқда. Мусобақа ўтказиладиган жойларни бевосита кўздан кечириб, бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилдик. Ўзбекистонда шахматни ривожлантиришга қаратилган эътибор мана шундай юксак савиядаги халқаро мусобақани ўтказишга замин яратди. Ўйлайманки, мезбон жамоа иштирокчиларининг олимпиададаги иштироки ҳам шунга муносиб тарзда муваффақиятли бўлади, албатта.
FIDE тақвимига кўра, жорий йилнинг 10 сентябридан парашахмат мусобақаларига старт берилади ва шу куни очилиш маросими ўтказилади. Ўйинлар 11 сентябрдан бошланади. Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг очилиш маросими эса 15 сентябрь куни Регистон майдонида ўтказилиши ва мусобақалар 16 сентябрдан бошланиши режалаштирилган. Шунингдек, олимпиада доирасида FIDE конгресси ва ташкилот президентлигига сайловлар ўтказилиши белгиланган.
Олимпиадада дунёнинг 200 га яқин давлатидан терма жамоалар иштирок этиши кутилмоқда. Ўзбекистон мезбон мамлакат сифатида регламентга мувофиқ эркаклар ва аёллар ўртасида 3 тадан таркиб (жамоа) билан иштирок этади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари