Шахмат олимпиадасига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда
Жорий йилнинг 15-27 сентябрь кунлари Самарқандда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ҳамда 3-Пара шахмат олимпиадаси мусобақалари бўлиб ўтади.
200 дан зиёд миллий жамоалар қатнашадиган мазкур нуфузли мусобақаларга тайёргарлик ишлари қизғин олиб борилмоқда.
Куни кеча 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ҳамда 3-Пара шахмат олимпиадаси олдидан ҳакамлар учун иккинчи онлайн семинар ўтказилди.
Учрашувни 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси Бош ҳакам ёрдамчиси Муноз Солис, Каролина ҳамда 3-Пара шахмат олимпиадаси бош ҳаками ёрдамчиси Бансод Свапнил олиб борди.

Семинарда маҳаллий ҳамда хорижлик тажрибали ҳакамлар, мутахассислар иштирок этди.
Назарий кечган машғулотлар давомида шахмат олимпиадаларидаги асосий иш тартиби, ҳакамларнинг вазифалари, масъулияти ва мусобақа жараёнида содир бўлиши мумкин бўлган техник вазиятлар ҳақида тушунчалар бериб ўтилди.
Эслатиб ўтамиз, Самарқандда ўтадиган нуфузли шахмат мусобақалари доирасида Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) Конгресс йиғилиши, “FIDE Excellence Awards” тадбирлари ўтказилади.
Т.Рўзиев,
ЎзА