Шахмат: Атирау турнирида вакилларимиз қатнашмоқда
Қозоғистоннинг Атирау шаҳрида шахмат бўйича ўтказилаётган “Atyrau Open 2026” халқаро турнирининг “Мастерс” гуруҳида 19 та мамлакатнинг 109 нафар шахатчиси қаторида маҳоратли шахматчиларимиз Шамсиддин Воҳидов ва Жаҳонгир Воҳидов ва Ҳумоюн Бекмуратов дона сурмоқда.
Мукофот жамғармаси 100 минг АҚШ долларидан иборат нуфузли мусобақанинг ортда қолган илк турида ҳамюртларимиздан Шамсиддин Воҳидов ва Жаҳонгир Воҳидов рақибларига имкониятни бой берди.

Ёш шахматчимиз Ҳумоюн Бекмуратов 1-турда қозоғистонлик рақибини мағлуб этиб, турнирнинг дастлабки босқичида ғолибликка эришган 38 нафар иштирокчининг бирига айланди.
Бугун, 13 октябрь куни халқаро турнирнинг 2-турида Ҳ.Бекмуратов қора доналарда эронлик Аршия Муҳаммадиан Сечани билан куч синашади.
Шамсиддин Воҳидов ва Жаҳонгир Воҳидов мазкур турда қозоғистонлик шахматчилар қаршилигини енгишга ҳаракат қилади.
9 та турдан иборат бўлган халқаро турнир 20 октябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА