Шавкат Умрзоқов: барча тадбиркорларга тенг ва қулай имкониятлар яратиш асосий мақсадимиз
Бугун мамлакатимиз иқтисодиётида давлат иштирокини қисқартириш, аҳоли ва тадбиркорлар учун муносиб шароитлар яратиш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Пойтахтимиз мисолида оладиган бўлсак, ҳар минг нафар аҳолига 29 та фаол тадбиркорлик субъекти тўғри келади ва бу сон йил сайин ўсмоқда.
– Давлат иқтисодиётда бошқа корхоналар каби иштирокчи эмас, балки холис ҳакам, аҳолига ва хусусий секторга қулай шароит яратадиган томон бўлиши керак, – дея фикр билдиради Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов. – Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йил 28 августда қабул қилинган "Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармон айни йўналишда муҳим асос бўлди. Давлатнинг кучи бозор ёки тураргоҳни ўзи бошқаришида эмас, адолатли қоидалар ўрнатиб, хусусий ташаббусга йўл очишида, Тошкент эса бу йўлда аллақачон анча илгарилаган. Кичик бизнеснинг шаҳар ялпи ҳудудий маҳсулотидаги улуши 49,9 фоизга етди, жорий йилда 53,8 фоизга етказишни режалаштирганмиз.
Эндиликда бозорлар қатъий шартлар билан хусусий бошқарувга ўтказилади. Автотураргоҳлар аукционлар орқали хусусий секторга очилмоқда, бекатлар инфратузилмаси инвесторлар ҳисобига янгиланмоқда, боғларда давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бошланди.
Дарвоқе, мисол учун, Нью-Йоркнинг машҳур Марказий боғи 40 йилдан бери айнан шу моделда — хусусий фонд бошқарувида дунёнинг энг яхши боғларидан бири бўлиб келмоқда. Бугун шаҳримизда бундай лойиҳалар 200 дан ортиқ. Лекин очиқ айтаман, бу кам. Давлат ҳали ҳам бизнес самаралироқ ишлаши мумкин бўлган минглаб лойиҳаларни бошқариб келмоқда.
Айни пайтда бошқарувни хусусий секторга бериш жараёни назоратсиз кечмайди. Ҳар бир лойиҳада учта кафолат сақланади: аҳоли учун нархлар асоссиз ошмайди, инфратузилма ижтимоий вазифасини йўқотмайди ва жамоат манфаати хусусий манфаатдан устун туради.
Натижани эса рақам кўрсатади. Бугун Тошкентда яширин иқтисодиёт улуши сезиларли даражада пасайишда давом этмоқда. Давлат иштироки қисқариб, ҳалол рақобат муҳити кенгайгани сари бу кўрсаткич янада тушади. Бу эса бюджетга ҳам, тадбиркорга ҳам, оддий аҳолига ҳам бирдек фойда.
– Бугун Тошкент шаҳрига қайси йўналишда инвестиция киритиш имконияти ошган?
– Тошкентда инвестиция имкониятлари деярли барча йўналишда кенгайди. Лекин бунга сон ёки рўйхат билан эмас, инвесторнинг мантиғи билан жавоб берай. Ҳар қандай инвестор икки саволга жавоб излайди: маблағим ҳимояланганми ва маҳсулотимни сотадиган бозор борми? Президентимиз олиб бораётган ислоҳотлар натижасида Тошкентда бугун бу саволларга ишончли жавоб олса бўлади. Буни рақамлар тасдиқлайди. Масалан, 2022 йилда шаҳарга 1,5 миллиард доллар инвестиция киритилган бўлса, ўтган йили — 6,6 миллиард, жорий йилги вазифамиз — 9 миллиард доллар. Тўрт йилда олти баробар ўсиш. Шу даврда ялпи ҳудудий маҳсулот 147 триллиондан 370 триллион сўмга етди, инвестициялар таркибида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар улуши эса 23 фоиздан ошди, бу – халқаро капиталнинг ишончи белгиси. Мазкур ишончнинг энг яққол намунаси эса «Янги авлод» махсус саноат зонаси. Биринчи босқичдаги 750 гектар майдоннинг 80 фоизи бўйича инвесторлар аниқланган, дастлабки корхоналар ишга туширилган, Президентимиз топшириғи билан зона яна 500 гектарга кенгайтирилмоқда.
Муҳими, бу ерда ҳар бир лойиҳа ортида бутун экотизим турибди. Масалан, “PepsiCo” заводи алюмин банка ишлаб чиқариш ва қуйиш лойиҳалари билан бирга миллиард долларлик маҳсулот беради. Тижорат автомобиль ишлаб чиқариш заводининг қиймати машинанинг ўзида эмас. Бундай автомобилларга маршрутли ташувлар, туризм, хизмат кўрсатиш, кичик ҳажмдаги юкларни етказиб бериш ва бошқа кўплаб соҳаларда талаб бор. Бизнинг ҳисоб-китобимизга кўра, бундай турдаги машиналарга Тошкент шаҳрининг ўзида 50 мингдан ортиқ эҳтиёж мавжуд. Завод атрофида эса бутловчи қисмлар ишлаб чиқарадиган ўнлаб кичик ва ўрта корхона, янги муҳандислик мактаби ва экспорт салоҳияти шаклланади. «Корзинка»нинг логистика маркази замонавий таъминот занжири технологияларини олиб киради, робототехника корхоналари жойлашмоқда. Режадаги қувватлар тўлиқ ишга тушса, 3–5 йилда бу зона йилига 10 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилади ва 10–20 минг ёшларимиз шу ерда замонавий ва даромадли касбга эга бўлади.
Аммо имконият фақат саноатда эмас. Тошкент мамлакатдаги қурилиш ишларининг қарийб чорагини бажармоқда — энди мастер-режалар асосида комплекс ўзлаштириладиган ҳудудлар инвесторга таклиф этилади. Хизматлар соҳасида IT Park резидентлари 500 миллион долларлик экспортга чиқди ва бу бозор ўсишда давом этмоқда. Тегишли қарор доирасида бозорларни модернизация қилиш, гавжум кўчалар, 200 минг ўринли автотураргоҳ дастури — буларнинг барчаси аукционлар ва давлат-хусусий шериклик орқали хусусий капиталга очилди.
Энг муҳими, биз инвестицияга фақат пул деб қарамаймиз. Ҳар бир доллар ортидан технология, билим, иш ўрни, экспорт ва солиқ базаси кириб келади. Бизнинг вазифамиз — ҳар бир инвестиция шаҳар иқтисодиёти ва аҳоли фаровонлигига максимал самара беришини таъминлаш.
– Пойтахт имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш учун тадбиркорларга нима муҳим?
– Тадбиркорга, аслида, битта нарса муҳим — аниқлик. Тартиб қандай, жараён қанча вақт олади ва қонун мулкимни ҳимоялай оладими? Шу учта саволга аниқ жавоб бўлса, қолганини бизнеснинг ўзи қилади. Бюрократия эса айнан шу аниқликни ўлдиради, тадбиркор ишни бажаргунча ўнлаб хонадан ўтишга мажбур бўлади, жараёнларда ноаниқликликлар кўпаяди.
Айнан шу муаммони ечиш учун 2023 йилда «Тошкент Инвест» компанияси ташкил этилди. Унинг вазифаси — тадбиркор учун ягона дарча вазифасини бажариш. Компанияга хусусий секторда ишлаган, лойиҳанинг иқтисодий моделини ҳисоблай оладиган мутахассислар жалб қилинган, улар инвестор билан тўғридан-тўғри ишлайди, лойиҳани маслаҳат билан бошлаб, амалга ошгунча ҳамроҳлик қилади. Дунё тажрибасида бу модель ўзини аллақачон оқлаган. Сингапурнинг иқтисодий ривожланиш кенгашидан бошлаб, муваффақиятли шаҳарларгача инвестор билан ўнта идора эмас, битта профессионал ташкилот ишлаши йўлга қўйган. Биз ҳам шу йўлдамиз. Бу фақат йирик корхоналар учун эмас. Маҳаллий тадбиркор учун ҳам хизмат кўрсатади, реновация, автотураргоҳлар, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида иштирок этмоқчи бўлган корхоналар бугунги кунда кимга мурожаат қилишлари аниқ. Шаҳарнинг ресурслари ҳам шунга хизмат қиляпти — биргина хизмат кўрсатиш соҳасига тижорат банклари 22 триллион сўм кредит ажратди, ер участкалари очиқ аукционлар орқали таклиф этилмоқда.
Камчилигимизни ҳам очиқ айтаман: мавжуд имкониятлар борасида барча тадбиркорлар хабардор, дея олмаймиз. Кўпчилик «Тошкент Инвест» эшиги фақат йирик инвестор учун очиқ, деб ўйлайди. Бу нотўғри ва бу бизнинг коммуникация бўйича камчилигимиз. Ҳозир айнан шунинг устида ишлаяпмиз.
Хулоса ўрнида айтишим мумкинки, тадбиркорлар истаса, ғояни биргаликда рўёбга чиқарамиз, бизнес моделини, техник ва иқтисодий асосларини ишлаб чиқамиз, тўғри механизмларни танлаймиз.
ЎзА мухбири Абдулазиз РУСТАМОВ суҳбатлашди