Шамол эрозиясига қарши яшил ечим
Сирдарё вилоятида Қозоғистон ва Тожикистон республикалари билан чегарадош ҳудудларда шамол эрозияси ҳамда чанг-қум бўронларининг салбий таъсирини камайтириш мақсадида умумий узунлиги 84 километр бўлган "яшил девор" барпо этилмоқда. Лойиҳа доирасида баҳорги кўчат экиш мавсумида 13 мингга яқин дарахт кўчати экилди.
Мазкур ишлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 31 мартдаги "Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида шамол эрозиясининг салбий таъсирини камайтириш ва экологик вазиятни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори асосида олиб борилмоқда. Ҳужжатга мувофиқ, чегарадош ҳудудларда ҳимоя ўрмонзорлари ва яшил белбоғлар барпо этиш, ер ресурсларини муҳофаза қилиш ҳамда чанг ва қум бўронлари таъсирини камайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар белгиланган.
– Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида экологик мувозанатни таъминлаш, "яшил" иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш устувор вазифалар сифатида белгилаб берилган. Шу асосда Сирдарё вилоятининг Қозоғистон ва Тожикистон республикалари билан чегарадош ҳудудларида "Яшил девор" барпо этиш вазифаси юклатилди. Бу лойиҳа шамол эрозияси ва чанг-қум бўронларининг салбий таъсирини камайтириш билан бирга, чегарадош ҳудудларда барқарор экологик муҳитни шакллантиришга ҳам хизмат қилади, – дейди Сирдарё давлат ўрмон хўжалиги раҳбари Ойбек Иргашев.
[gallery-30169]
Лойиҳани амалга ошириш учун Сирдарё, Мирзаобод, Ховос ва Оқолтин туманларидаги чегарадош ҳудудлардан жами 158,7 гектар ер майдони ажратилиб, вилоят ҳокимининг қарори билан Сирдарё давлат ўрмон хўжалиги тасарруфига берилди. Айни пайтда ушбу ҳудудларнинг электрон хариталари тайёрланиб, ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.
Баҳорги кўчат экиш мавсумида Мирзаобод тумани чегара ҳудудининг 5,3 километр қисмида "Яшил лойиҳа" институти тавсиялари асосида 6800 туп қайрағоч, жийда, тут ва ясин кўчатлари экилди. Сирдарё туманида эса аввалги экишлардаги бўш жойларни тўлдириш мақсадида 3,5 километр масофада қўшимча 6100 туп, жумладан, 1900 туп тут ва 4200 туп терак кўчати ўтқазилди. Шу тариқа баҳорги мавсумда жами 13 мингга яқин дарахт кўчати ерга қадалди.
– "Яшил девор" шамол тезлигини пасайтириш, чанг ва қум бўронлари таъсирини юмшатиш, тупроқ эрозиясининг олдини олиш, тупроқда намликни сақлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларини муҳофаза қилишда муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, ҳимоя ўрмонзорлари атмосферадаги карбон газини ютиб, ҳаво сифатини яхшилаш, биохилма-хилликни асраш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишга ҳам хизмат қилади, – дейди Ойбек Иргашев.
Айни пайтда вилоятда "Яшил девор" лойиҳасининг кейинги босқичларини амалга ошириш, ҳимоя ўрмонзорлари майдонини кенгайтириш ҳамда экилган кўчатларни парваришлаш ишлари режа асосида давом эттирилмоқда.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА