Шамол энергетикаси истиқболлари
Пойтахтимизда Ўзбекистонда шамол энергетикаси салоҳиятини ривожлантириш бўйича миллий конференция бўлиб ўтди.
Пойтахтимизда Ўзбекистонда шамол энергетикаси салоҳиятини ривожлантириш бўйича миллий конференция бўлиб ўтди.Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт, Молия, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирликлари, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Гидрометеорологик хизмати маркази, Ўзбекистон Фанлар академияси, Муқобил ёқилғи ва энергия турлари корхоналари ассоциацияси мутахассислари ҳамда бир қатор халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Б.Хўжаев, “Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси бошқаруви раиси И.Басидов, Европа Иттифоқи делегацияси вакили Д.Уотерс ва бошқалар Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришга катта эътибор берилаётгани, бундай энергия манбаларини жорий этиш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбалари салоҳиятини аниқлаш борасида изчил ишлар олиб борилаётир. Бу борада Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Жаҳон банки билан ҳамкорлик ўрнатилган.
Иқтисодиёт тармоқларининг ривожланиб, аҳоли ижтимоий ҳаётининг яхшиланиб бориши энергетика ресурсларига бўлган талабни оширмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, ишлаб чиқариш кучларининг имкониятларини янада ошириш мумкин. Бунда шамоллар атласи қўл келади. Ушбу атлас асосида «Ўзбекэнерго» компанияси томонидан икки истиқболли участка белгиланди. Жорий йилнинг март ойида мазкур участкаларда, яъни Навоий вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси жанубида шамол энергияси салоҳиятини аниқлаш мақсадида тадқиқот олиб борилди. Уларнинг ҳар бирида шамол тезлиги ва йўналишини, ҳавонинг зичлиги ва ҳароратини аниқлайдиган ўлчов асбоблари жойлаштирилиб, баландлиги 85 метрли метеорологик мачталар ўрнатилди. Мазкур ўлчов ускуналари спутник алоқа тизими воситасида кейинги таҳлил учун маълумотларни серверга онлайн тартибида узатади. Бу маълумотлардан инвестицион лойиҳа тайёрлашда шамол генераторининг энг оптимал бирлик қувватини аниқлаш ва потенциал электр энергия ишлаб чиқаришни ҳисоблаш учун фойдаланилади.
– Қўшимча электр энергияси ишлаб чиқариш имконини берадиган инвестиция лойиҳаларини жорий этиш доимий эътиборда, – дейди “Ўзбекэнерго” компанияси бошқарма бошлиғи Равшан Ортиқов. – Шамол энергияси манбаларидан фойдаланиш ҳам улардан бири бўлиб, амалга оширилган илмий таҳлилларга кўра, дастлабки баҳолаш натижалари ўрнатилган қувватнинг беш юз йигирма минг мегаваттдан зиёдини ва йилига миллиард мегаватт-соатдан зиёд энергия ишлаб чиқаришни ташкил этади.
Анжуманда интерактив тизимнинг амал қилиш жараёни намойиш этилди. Бу ишлар доирасида немис мутахассислари билан мустақил тадқиқотлар олиб бориш ва шамол энергетикаси салоҳиятини ошириш бўйича кўникмаларни мустаҳкамлаш юзасидан келишиб олинди.
– Ҳар бир давлатнинг барқарор ривожланишида энергия ресурслари муҳим аҳамият касб этади, – дейди Германиянинг intec-Gopa компанияси лойиҳа менежери Мартина Дабо. – Ўзбекистон шамол энергиясидан фойдаланиш борасида ҳам улкан имкониятларга эга. Бунга бир йил давомида юртингизнинг турли ҳудудларида шамол энергияси бўйича изланишлар олиб бориш жараёнида гувоҳ бўлдик. Ҳозирги таҳлилларга кўра, шамол энергияси учун ўрнатилган ускуналар қуввати 520 гегаватга етиши мумкин. Бунинг эвазига Ўзбекистоннинг энергияга бўлган талабининг 25 фоизи қопланади.
Конференция доирасида иштирокчилар шамол энергетикасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар, асбоб-ускуналар, бундай лойиҳаларни молиялаштириш йўллари билан танишди.