Шаҳар марказидаги осуда маскан
Андижон шаҳри марказида жойлашган Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи аҳоли ва меҳмонларнинг севимли дам олиш масканларидан бири саналади. Қарийб бир асрлик тарихга эга ушбу боғ ўзининг сўлим табиати, озода ва обод ҳудуди, сайр қилиш ва ҳордиқ чиқариш учун яратилган қулайликлари билан ажралиб туради.
Шаҳарнинг тарихий гўшаларидан бири бўлган мазкур маскан йиллар давомида андижонликларнинг оилавий сайрлари, маданий ҳордиқ чиқариши ва бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун хизмат қилиб келмоқда.
Боғ ҳудудидаги манзарали дарахтлар, яшил майдонлар, ранг-баранг гулзорлар ва фавворалар масканга ўзгача кўрк бағишлайди. Обод ва озода йўлаклар, дам олиш ўриндиқлари, болалар учун кўнгилочар майдончалар ташриф буюрувчиларга қулайлик яратади. Замонавий ёритиш тизими эса кечки сайрлар учун ҳам шароит яратган.
Бу ерда турли авлод вакилларини учратиш мумкин. Кимдир дарахтлар соясида ҳордиқ чиқарса, яна кимдир фарзандлари билан сайр қилади. Кекса авлод вакиллари учун ҳам боғнинг осуда муҳити мароқли дам олиш имконини беради.
Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи шаҳар маданий ҳаётида ҳам муҳим ўрин тутади. Бу ерда турли байрам тадбирлари, маданий-маърифий учрашувлар ва оммавий сайиллар ташкил этилади.
[gallery-32109]
Бугунги кунда ҳам ўзининг тарихий аҳамияти ва табиий жозибасини сақлаб келаётган ушбу маскан андижонликлар ҳамда шаҳар меҳмонларига мазмунли ҳордиқ чиқариш имконини бермоқда.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА