Сейсмик маълумотлар аниқлиги нималарга боғлиқ? – Мутахассис жавоб берди
Геофизика соҳасида замонавий ёндашувларни қўллаш бугунги кунда ер қаъридан самарали фойдаланишда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Айниқса, нефть ва газ конларини аниқлашда сейсмик қидирув усулларининг ўрни беқиёс бўлиб, уларнинг самарадорлиги олинаётган маълумотлар аниқлигига бевосита боғлиқ.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги тизимидаги “Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти” давлат муассасасида ўтказилган илмий мулоқот айнан шу масалаларга бағишланди. Унда соҳа мутахассислари, ёш олимлар ва талабалар иштирок этиб, замонавий геофизиканинг долзарб йўналишлари муҳокама қилинди.
Тадбирда туркиялик геофизик олим Ўз Йилмаз ўз тажрибалари билан ўртоқлашар экан, мазкур соҳанинг ривожи ҳар бир давлат иқтисодиёти учун муҳим омил эканини алоҳида таъкидлади. Унинг фикрича, табиий ресурсларни аниқ ва самарали қидириш илмий ёндашув ва замонавий технологияларга таянишни талаб қилади.

Олим таъкидлаганидек, бугунги кунда кам чуқурликларда сейсмик қидирув ишларини тўғри ташкил этиш, илғор ускуналардан фойдаланиш ва олинган маълумотларга пухта ишлов бериш асосий талаблардан ҳисобланади. Хусусан, маълумотларни қайта ишлаш жараёнида турли тузатишлар киритиш асносида натижаларнинг ишончлилигини ошириш мумкин.
– Сейсмик маълумотларнинг аниқлиги бир қатор омилларга боғлиқ. Хусусан, ишлатилаётган ускуналар сифати, тадқиқот методикаси, маълумотларни йиғиш шароити ва уларни таҳлил қилиш жараёни бу борадаги натижада ҳал қилувчи воситалардир. Замонавий ёндашувлар эса ушбу жараёнлардаги хатоликларни камайтириш, ер ости тузилишини янада аниқроқ акс эттириш имконини беради. Шу билан бирга, бу каби илмий семинарлар ҳам мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш, янги билимларни ўзлаштириш ва соҳада инновацион ечимларни жорий этишда муҳим аҳамиятга эга, – деди геофик олим.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассисдан батафсил жавоб олди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА