Серқирра ижод соҳиби эди...
Бухоро давлат университетида таниқли шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, моҳир таржимон, журналист, драматург Тошпўлат Аҳмад таваллудининг 80 йиллигига бағишланган “Саодатли умр соҳиби эди” деб номланган адабий-бадиий кеча ўтказилди.
Тадбирда олий даргоҳ педагогик жамоаси ҳамда талабалари, республика адабий жамоатчилиги вакиллари, вилоят мутасаддилари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари, адибнинг ҳамкасб дўстлари, шогирдлари ва оила аъзолари қатнашди.
Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳамидов адибнинг серқирра ижоди, мазмунли ҳаёт йўли барчага ибрат эканини таъкидлади. Тадбирда таниқли шоир ҳаёти ва серқирра ижоди билан боғлиқ хотиралар эсланди. Адиб илмий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича таклифлар илгари сурилди.
[gallery-9818]
Адибнинг ҳаёти ва ижодига бағишлаб вилоят телерадиокомпанияси томонидан тасвирга олинган “Ёднома” ҳамда “Файзли хонадон” видеофильмлари намойиши, “Саодатли умр соҳиби” деб номланган китобнинг тақдимоти барчага катта таассурот қолдирди.
Адабиёт байрамига айланган кечада университет талабалари адиб қаламига мансуб шеър ва ғазалларидан таркиб топган дастурни намойиш этди. Бухоролик қалам аҳли вакиллари Тошпўлат Аҳмад сиймосига бағишлаб ёзган шеърларини ўқиб берди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА