Сергелида жиноятчилик ҳамда коррупцияга қарши курашиш қандай йўлга қўйилган?
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Сергели туман кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.
Унда тумандаги криминоген вазиятни янада яхшилаш, аҳоли учун хавфсиз муҳитни таъминлаш, коррупция ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Мажлисда қайд этилганидек, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 33 тага ёки 18 фоизга камайган. Шу билан бирга, аниқланиши лозим бўлган жиноятларни фош этиш кўрсаткичи 68 тага ёки 34 фоизга ошган.
Шунингдек, оилавий зўравонлик ҳолатлари 73, қасддан тан жароҳати етказиш жиноятлари 37, қотиллик жиноятлари 77, олдини олиш мумкин бўлган оғир ва ўта оғир жиноятлар 40, кибержиноятлар эса 55 фоизга қисқарган.

Наркожиноятларга қарши курашиш соҳасида ҳам муайян натижаларга эришилган. Хусусан, 124 наркожиноят ҳолати фош этилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баробарга кўп.
Профилактик тадбирлар натижасида маҳаллаларнинг 29 таси «яшил», 15 таси «сариқ» ва 2 таси («Эшонбулоқ» ҳамда «Қут-Барака») «қизил» тоифага киритилган. Натижада ўтган йилга нисбатан «қизил» тоифадаги маҳаллалар сони 7 тага, «сариқ» тоифадаги маҳаллалар эса 13 тага камайган.
Хавфсизлик инфратузилмасини мустаҳкамлаш мақсадида маҳаллалар ҳудудидаги ишчи ҳолатдаги кузатув камералари сони 805 тага етказилган. Шунингдек, «Рақамли автомобил бозори» дастури жорий қилиниб, автомобил бозорининг 6 та кириш-чиқиш дарвозаси тўлиқ рақамлаштирилган.
Мажлисда туман прокуратураси, туман ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.
Муҳокама давомида амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда мавжуд камчиликлар ҳам таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА