Сергелида янги тажриба бошланди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳри, хусусан, Сергели туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
Йиғилишда ер устидан ўтган метро йўналиши остида савдо ва сервис объектларини ташкил этиш тажрибаси кўриб чиқилди. Давлат ердан фойдаланиш ҳуқуқини аукционга чиқариб, лойиҳа ва инфратузилмасини тайёрлаб бермоқда, қолганини тадбиркорлар амалга оширмоқда.
Сергелида метро линиясининг яна 8,5 километр қисмида шундай ишлар якунига етказилса, 137 та савдо-сервис объекти, 1-1,5 мингта иш ўрни яратилади, туман бюджетига 20-25 миллиард сўм қўшимча тушум тушади.
Умуман, ер усти метро линиясининг Яшнобод, Сергели ва Янгиҳаёт туманларидан ўтган 23 километр ҳудудида бундай лойиҳалар амалга оширилса, яна 400 та тадбиркор бизнес бошлаб, 3 мингта иш ўрни яратиши мумкин.
Ерларнинг қурилишга рухсати, архитектура-режалаштириш топшириғи ва лойиҳаси билан бирга тайёр пакет шаклида аукционга чиқариш бўйича Сергелида янги тажриба бошланди.
Илк бор Янги Бунёдобод маҳалласида 70 сотих ер уй-жой қуриш учун янгича ёндашув асосида аукционга қўйилди. Бошланғич нархи 14 миллиард сўм бўлган ушбу ер участкаси 40 миллиард сўмга сотилди.
Энг муҳими, ерни олган тадбиркор шу куннинг ўзида қурилишни бошлади. Илгари ҳужжатларни келишишга бир йилгача вақт кетар эди. Давлатимиз раҳбари мазкур тажрибани нафақат ер участкалари, балки сотувга қўйилаётган давлат объектлари ва саноат зоналарига ҳам татбиқ этиш зарурлигини таъкидлади.
ЎзА