Сербия матбуоти Ўзбекистон ҳақида
Сербиянинг RTV нашри Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сербияга амалга ошираётган расмий ташрифи муносабати билан икки давлат алоқаларига бағишланган мақола эълон қилди
Мақолада Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги алоқа сўнгги йилларда изчил ривожланиб, сиёсий мулоқот, парламентлараро муносабат, гуманитар алоқа, савдо-иқтисодий ҳамкорлик каби йўналишларни қамраб олаётгани қайд этилган. Нашрга кўра, икки давлат муносабатлари тобора кўп қиррали шериклик даражасига кўтарилмоқда.
RTV Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги муносабатнинг муҳим жиҳати сифатида ўзаро ҳурмат, миллий манфаатларни инобатга олиш ҳамда халқаро ташкилотлар доирасида ҳамкорликка содиқликни келтирган. Мақолада бу омиллар икки томонлама сиёсий мулоқот учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланган.
Нашр Ўзбекистон мустақиллигини Сербия 1991 йил 31 декабрда тан олгани, икки давлат ўртасида дипломатик муносабат эса 1995 йил 18 январда ўрнатилганини эслатган. Мақолада дипломатик алоқа ўрнатилган дастлабки даврда икки томонлама муносабат нисбатан чекланган бўлгани, сўнгги йилларда, айниқса, 2025–2026 йилларда сезиларли тараққиёт кузатилгани қайд этилган. Бунда Ўзбекистон ва Сербиянинг суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва миллий манфаатларни ҳурмат қилишга асосланган ёндашувлари муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланган.
Бу жараёнда Сербия Президенти Александр Вучичнинг 2025 йил 28–31 октябрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи муҳим қадам бўлгани таъкидланган. Нашр ушбу ташриф сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, иқтисодий алоқани кенгайтириш ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имконият очганини қайд этган.
Мақолада айнан шу жараённинг давоми сифатида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сербияга жорий ташрифи икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган муҳим сиёсий воқеа сифатида ёритилган.
Д.ҲАКИМОВ,
ЎзА