Сенаторлар трансплантация, электрон рақамли имзога оид қонунлар ижро механизмидаги камчиликларга эътибор қаратди
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида айрим қонунлар ижросини таъминлашга қаратилган қонуности ҳужжатларнинг ўз вақтида қабул қилиниши юзасидан амалга оширилган мониторинг натижалари кўриб чиқилди.
Мажлисда “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”, “Электрон рақамли имзо тўғрисида”, “Стандартлаштириш тўғрисида” ҳамда “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонунлар ижросини таъминлашга доир қонуности ҳужжатларининг ишлаб чиқилиши ва амалиётга жорий этилиши ҳолати таҳлил қилинди.
Қонунларни амалга ошириш механизмини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар томонидан бир қатор қонуности ҳужжатлари қабул қилингани қайд этилди.
Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бозорини тартибга солиш, электрон рақамли имзони амалиётга жорий қилиш ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳаларида қабул қилинган қарорлар ҳамда меъёрий ҳужжатлар қонунларнинг амалдаги ижросини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Сенаторлар айрим қонунларда назарда тутилган ҳаволаки нормаларнинг тўлиқ ижроси таъминланмаганига эътибор қаратди. Жумладан, “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги қонун доирасида видеоёзувни амалга ошириш тартиби, шунингдек уни сақлаш тартиби ҳозирга қадар қабул қилинмаган.
“Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги қонунда белгиланган электрон рақамли имзонинг калитини топшириш, шунингдек юридик шахснинг янги тайинланган раҳбари томонидан электрон рақамли имзони қабул қилиб олиш тартиби тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат тасдиқланмаган.

“Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг улгуржи савдосини тартибга солувчи ҳужжат қабул қилинмаган.
Муҳокама якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси зиммасига аниқланган камчиликларни бартараф этиш вазифаси юклатилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА