Сенаторлар: рақамли технологияларга оид қонунни қайта ишлаш мақсадга мувофиқ
Сенат ялпи мажлисида “Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида”ги конституциявий қонун кўриб чиқилди.
Мазкур қонун мамлакатимизда инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, халқаро капитални жалб қилиш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро рақамли ҳамжамиятга қўшилиш имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Қонунда Рақамли технологиялар халқаро марказининг мақоми ва Марказ ҳудудида амал қиладиган махсус ҳуқуқий режим белгиланмоқда.
Марказ органлари ва иштирокчилари, фаолиятининг ҳуқуқий асослари, инвестиция фаолиятини амалга ошириш, “Тартибга солиш қумдони”ни жорий этиш, давлат хизматлари кўрсатиш, меҳнат муносабатлари, солиқ, божхона ва валюта соҳаларидаги махсус тартибларни белгилашга қаратилган нормалар ҳам қонунда ўз аксини топган.

Мажлисда сенаторлар Рақамли технологиялар марказида жорий қилинаётган махсус ҳуқуқий режим ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
Муҳокама давомида қонуннинг айрим нормаларини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди.
Хусусан, Марказ Бошқарув кенгаши ҳамда маъмуриятининг иқтисодий ва тартибга солиш чораларини қўллаш соҳасидаги ваколатларини қўшимча равишда кенгайтириш, инвесторлар ҳуқуқлари ва инвестицияларни ҳимоя қилиш кафолатларини халқаро стандартлар асосида янада кучайтириш лозимлигига эътибор қаратилди.

Сенаторлар фикрича, мазкур таклифларни инобатга олган ҳолда ушбу конституциявий қонун устида янада пухта ишлаш инвесторлар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда Рақамли технологиялар халқаро марказининг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Қизғин муҳокама натижасида қонунни такомиллаштириш бўйича таклифлар билан Қонунчилик палатасига юбориш, сенаторлар ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат таркибда келишув комиссиясини тузиш ҳамда манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлар вакилларини жалб қилган ҳолда қонунни қайта ишлаш мақсадга мувофиқ деган хулосага келинди.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА