Сенаторлар қатор халқаро ҳужжатларга оид масалаларни муҳокама қилди
Сенат ялпи мажлисида “1993 йил 24 сентябрдаги Қочоқлар ва кўчишга мажбур бўлган шахсларга ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги Битимнинг амал қилишини тугатиш ҳақидаги Баённомани тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Мазкур Битим собиқ Иттифоқ парчаланиши ортидан юзага келган қуролли можаролар, миллатлараро низолар ҳамда оммавий миграция жараёнлари шароитида қочоқлар ва мажбурий кўчирилган шахсларга ёрдам кўрсатиш соҳасида иштирокчи давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш мақсадида қабул қилинган.
Бугунги кунда мазкур Битим қабул қилинишига асос бўлган ижтимоий-сиёсий шароитлар тубдан ўзгарган. Халқаро ҳужжат ўзининг ҳуқуқий ва амалий аҳамиятини йўқотган.

Муҳокама давомида Битимнинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги Баённоманинг тасдиқланиши мамлакатимиз халқаро шартномавий сиёсатини замонавий ҳуқуқий муносабатлар ва миллий манфаатлар асосида изчил такомиллаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.
***
Ялпи мажлисида “Шахсга доир маълумотлар алмашинуви соҳасидаги маъмурий масалалар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги Битимни (2020 йил 18 декабрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.

Мазкур Битим Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) давлатлари ўртасида шахсга доир маълумотлар алмашинуви соҳасида ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатишнинг самарали механизмларини яратишга қаратилган.
Ушбу халқаро ҳужжатнинг ратификация қилиниши МДҲ давлатлари билан маъмурий муносабатларда ахборот алмашинуви соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани кенгайтириш ҳамда шахсга доир маълумотлар алмашинуви ва маъмурий соҳадаги ҳамкорликни институционал жиҳатдан мустаҳкамлашга хизмат қилади.
***
Ялпи мажлисда “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг медиация натижасида эришилган халқаро келишув битимлари тўғрисидаги Конвенциясига (Нью-Йорк, 2018 йил 20 декабрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Мазкур Конвенция медиация натижасида эришилган халқаро тижорат келишув битимларини тан олиш ва ижро этишнинг ягона халқаро ҳуқуқий механизмларини белгилашга қаратилган. Конвенция халқаро тижорат низоларини суддан ташқари, тезкор ва самарали ҳал этиш имкониятларини кенгайтиради ҳамда медиация натижасида тузилган келишувларнинг бошқа давлатларда ижро этилиши учун ишончли ҳуқуқий асос яратади.
Ўзбекистоннинг мазкур Конвенцияга қўшилиши хорижий инвесторлар ва тадбиркорларнинг мамлакатимиз ҳуқуқий тизимига бўлган ишончини ошириш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш, экспорт қилувчи миллий корхоналар ҳамда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун халқаро бозорлардаги ҳуқуқий кафолатларни кучайтиришга хизмат қилади.
Конвенцияга қўшилишда Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари инобатга олиниб, уни қўллаш доираси бўйича қўшимча шартлар назарда тутилмоқда. Унга кўра, Конвенция давлат ёки давлат органлари иштирок этадиган келишувларга нисбатан татбиқ этилмайди ҳамда фақат тарафларнинг ўзаро келишуви асосида қўлланилади.
Мазкур қонунлар сенаторлар томонидан маъқулланди.
Н.Абдураимова, ЎзА