Сенаторлар пулли йўлларни ташкил этишга оид қонунни маъқуллади
Автомобиль йўллари инфратузилмасини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ, амалдаги “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонун бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб бермайди.
Янги таҳрирдаги “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонуннинг асосий мақсади автомобиль йўлларини ривожлантириш, улардан фойдаланиш тартибини белгилаш, йўл фаолияти соҳасидаги муносабатларни замонавий талаблар асосида тартибга солишдан иборат.
Бу фикрлар Cенат ялпи мажлисида янги таҳрирдаги “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонун муҳокамаси пайтида қайд этилди.

– Қонунда автомобиль йўллари соҳасида амал қилиниши шарт бўлган асосий принциплар аниқ белгилаб қўйилмоқда, - деди Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов. – Яъни, йўллар илмий ҳисоб-китоблар асосида лойиҳаланиши, қарорлар очиқ ва шаффоф бўлиши, энг муҳими, йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминланиши, табиатга зарар етказилмаслиги ҳамда ҳар бир фуқаро йўллардан тенг ва қулай фойдаланиш имкониятига эга бўлиши белгиланмоқда.

Қонунда муҳим янгилик сифатида автомобиль йўллари бепул ёки белгиланган тартибда пулли бўлиши мумкинлиги мустаҳкамланмоқда.
Қонунга мувофиқ,автомобиль йўллари соҳасидаги махсус ваколатли орган сифатида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси белгиланмоқда.
Қонунда йўл ҳаракати хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, автомобиль йўлларида сунъий тўсиқлар ва нотекисликлар яратиш тақиқланмоқда, оғир вазнли ва йирик габаритли транспорт воситаларининг ҳаракатланиши эса фақат махсус рухсатнома асосида амалга оширилиши назарда тутилмоқда.

Қонунда пулли йўлларни ташкил этиш, давлат-хусусий шериклик асосида молиялаштириш, тўловларни автоматлаштирилган тарзда ундириш, фойдаланувчи ва оператор ўртасидаги оммавий шартнома каби муносабатлар тартибга солинмоқда.
Мазкур қонун нормалари йўлларни асраш, авариялар сонини камайтириш ва инсон ҳаётини муҳофаза қилишга хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди.
Сенаторлар маъқуллаган қонуннинг қабул қилиниши, мамлакатимизда йўл инфратузилмаси ривожланиши, ҳаракат тезлиги ортиб, тирбандликлар камайишига, йўл-транспорт ҳодисалари сони қисқаришига замин яратади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА