Сенаторлар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришга қаратилган қонунни маъқуллади
Сенат ялпи мажлисида “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мазкур масала бўйича маъруза қилган Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Маматкаримов мамлакатимизда ўзбек тилини ривожлантириш, унинг давлат тили сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Ўзбек тилининг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганини қайд этди.
Қонун билан “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонунга лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси 26 ҳарф ва 3 ҳарфлар бирикмаси ўрнига 28 ҳарф ва 1 тутуқ белгисидан ташкил топишини назарда тутувчи тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.

Янги таҳрирдаги алифбога ўтиш жараёнида фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини инобатга олиш мақсадида қонун кучга киргунига қадар амалдаги алифбо асосида расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозларнинг муомалада бўлишига тўсқинлик қилинмаслиги белгиланмоқда. Давлат органлари ва ташкилотларининг айрим рамзий белгилари, пешлавҳа ва кўрсаткичлардан эса улар яроқсиз ҳолатга келгунига қадар ёки белгиланган муддатгача фойдаланишга рухсат берилади.

Қонун муҳокамаси жараёнида сенаторлар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини амалиётга жорий этиш билан боғлиқ саволлар билан мутасаддиларга юзланди. Сенатор Ҳусан Эрматовнинг “Янги ҳарфларни ишлатишда техник муаммолар бўлмайдими?” каби саволига Рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси Нурилло Абдуллаев жавоб бериб, бу борада ягона техник стандарт ишлаб чиқилаётганини, базалар аудитдан ўтказилаётгани, янги ҳарфлар билан боғлиқ қидирув механизмлари такомиллаштирилаётганини таъкидлади.

Сенаторлар маъқуллаган қонун лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ва имло қоидаларини такомиллаштириш, давлат тилидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, ўзбек тилини рақамлаштириш жараёнларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА