Сенатор ва Омбудсман маҳкумлар билан учрашди
Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари, сенатор Комила Каромова ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Қашқадарё вилоятидаги минтақавий вакили Лола Саодатова Қарши шаҳридаги 2-сонли жазони ижро этиш колониясида бўлиб, у ерда жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар билан учрашди.
Давра суҳбатида Марказнинг вилоят бўлими раҳбари, сенатор Комила Каромова сўзга чиқиб, иштирокчиларга Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида маъқулланган қонунлар мазмун-моҳияти ҳақида кенг маълумот берди.

– Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонуни маъқулланди, – дейди сенатор Комила Каромова. – Ушбу қонун жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар билан олиб борилаётган тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш, уларнинг оила ва жамиятдан узилиб қолишини олдини олиш, китоб ўқишини рағбатлантириш орқали қонунга итоаткор, маънавий ва ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилгани билан кенг аҳамиятга молик.

Шу билан биргаликда, тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексини жазони ўташ муддатини шахс тузалиш йўлига ўтганлиги муносабати билан қисқартиришни назарда тутувчи 741-модда билан тўлдирилаётгани қайд этилди. Бунда маҳкумлар Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тасдиқланган тегишли рўйхатидаги китобларни ўқиса ва ушбу китобларни ўқиганлиги факти тасдиқланган тақдирда жазони ўташ муддати ҳар бир ўқилган китоб учун уч кунга, бироқ бир йилда кўпи билан ўттиз кунгача Комиссиянинг хулосасига асосан суд томонидан қисқартирилиши мумкинлиги тушунтирилди.

Ташриф давомида жазо муддатини ўтаётган шахсларга яратилган шарт-шароитлар, жумладан, туркум ётоқхоналари, маиший хоналар, ошхоналар аҳволи, кутубхоналар, даволаш-профилактика ёрдам кўрсатиш бўлимлари, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, ишлаб чиқариш ҳудудлари ҳамда иш жойлари ўрганилиб, маҳкумлар билан жамоавий ҳамда якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.
Шунингдек, тадбир сўнггида сенатор Комила Каромова ҳамда Омбудсман Лола Саодатова томонидан жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар учун сайёр қабул ташкил этилди.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири