Сенатда меморандум имзоланди, ёшлар маслаҳат гуруҳлари фаолияти самарадорлиги кўриб чиқилди
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур меморандум парламент назоратини илмий-услубий жиҳатдан мустаҳкамлаш ҳамда қонун ижодкорлиги сифатини оширишга қаратилган.
Парламент фаолиятини илмий-таҳлилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, қонун ижодкорлиги жараёнининг самарадорлигини ошириш, қонунчилик жараёнига илмий ёндашувни кенг жорий этишга эътибор қаратилади.
Шу билан бирга, жамоатчилик назоратини кучайтириш, халқаро муносабатлар ва иқтисодий дипломатия масалалари юзасидан конференциялар, давра суҳбатлари ва очиқ мулоқотлар ташкил этишда экспертлар ҳамда фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилиш бўйича ҳамкорликда иш олиб борилади.

***
Сенатда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари ҳузуридаги Ёшлар маслаҳат гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этишга бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда вазирлик ва идоралар масъуллари, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари, маҳаллий кенгашларнинг ёшлар сиёсати, маданият ва спорт масалалари бўйича доимий комиссиялари ҳамда ёшлар маслаҳат гуруҳлари аъзолари иштирок этди.
Тадбир давомида ёшларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда Ёшлар маслаҳат гуруҳлари фаолияти самарадорлигини ошириш, уларни қонун ижодкорлиги жараёнларига фаол жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Маърузаларда халқаро тажриба ва миллий амалиёт уйғунлигига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, “Юксалиш” умуммилий ҳаракати ҳамда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари томонидан ёшлар иштироки ва уларни қарор қабул қилиш жараёнларига жалб этиш бўйича муҳим ташаббуслар илгари сурилди.

Иштирокчилар ёшлар билан боғлиқ мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш масалаларига эътибор қаратди. Тадбир якунида маслаҳат гуруҳлари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг институционал салоҳиятини кучайтириш ҳамда ёшларнинг жамоатчилик бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш бўйича тавсиялар билдирилди.
Н.Абдураимова, ЎзА