Сенат ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирмоқда
Олий Мажлис Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлиси бугун ўз ишини давом эттирмоқда. Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.
Ялпи мажлис биринчи иш кунида “Бозор назорати тўғрисида”, “Маҳсулотларнинг умумий хавфсизлиги тўғрисида”, “Ҳарбий хизматчилар (ходимлар)нинг ва улар оила аъзоларининг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга пенсия тайинлаш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”, “Реклама тўғрисида”ги қонунга қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида”, “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тўғрисида”ги қонунлар маъқулланди.
Бугун “Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган коммунал хўжалиги ходими” фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисидаги қонунлар маъқулланиши, қатор қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши, халқаро ҳужжатлар ратификация қилиниши кутилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза эшитилади.
Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманини тугатиш, Оқдарё, Пастдарғом, Тойлоқ туманлари ва Самарқанд шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала ҳам муҳокама этилади.
Ялпи мажлисда кўриб чиқиладиган барча масалалар ҳақида батафсил ёритиб борамиз. Бизни кузатиб боринг!
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат)ЎзА