Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг 2025 йилдаги фаолияти юзасидан ахбороти эшитилди.
Қайд этилишича, ўтган йил давомида мамлакат ташқи сиёсатини амалга ошириш бўйича изчил ишлар амалга оширилган. Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида миллий манфаатларни фаол илгари суриш, хориждаги фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш эътибор марказида бўлган.
Ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, хорижий инвестициялар, экспорт, туристлар ҳажмини ошириш, янги транспорт йўлакларини ривожлантириш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилган.

Мажлисда Президентимизнинг Мурожаатномаси ҳамда жорий йил 15 январь куни Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти масалаларига бағишланган видеоселекторда қўйилган вазифалар ижросини таъминлаш зарурлигига эътибор қаратилди.
Ташқи алоқаларни янада ривожлантириш, миллий манфаатларни фаол илгари суриш, иқтисодий дипломатияни кучайтириш бўйича устувор вазифаларни ўз вақтида бажариш муҳимлигига урғу берилди.
Дунё миқёсида мураккаб геосиёсий вазиятга қарамасдан, Президентимиз томонидан белгиланган очиқ, прагматик ва ташаббускор ташқи сиёсатни изчил амалга ошириш натижасида Ўзбекистон халқаро майдонда ишончли ва нуфузли ҳамкор сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлаб бораётгани қайд этилди.

Жумладан, 2025 йилда 26 хорижий давлатга олий даражадаги ташрифлар амалга оширилгани, қатор давлатлар раҳбарларининг Ўзбекистонга ташрифлари ташкил этилгани, “Марказий Осиё плюс” форматидаги кўп томонлама мулоқотлар сермаҳсул ўтгани, стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилган давлатлар сони 19 тага, дипломатик алоқа ўрнатилган давлатлар сони эса 165 тага етгани қайд этилди.
Сенаторлар Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини янада ошириш, ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, фуқаролар манфаатларини фаол ҳимоя қилиш, хорижий инвестициялар оқимини ошириш, мамлакат экспорт салоҳиятини оширишда амалий натижадорликка эришиш юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини билдирди.
Муҳокама якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА