Сенат Раиси: "Қурилишлардаги нохуш ҳодисаларни яшириш ҳолатларига ҳуқуқий баҳо берилиши лозим"
Олий Мажлис Сенатининг 20-ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирмоқда. Сенат раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлисда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.
Сенаторлар ялпи мажлиснинг иккинчи иш кунини қурилиш соҳасида коррупция ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш юзасидан юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқишдан бошлади.
Парламент сўрови доирасида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги тизимида коррупциявий хавфларни баҳолаш, манфаатлар тўқнашувини бошқариш, давлат харидларининг шаффофлигини таъминлаш, давлат архитектура назоратини кучайтириш ва соҳани рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Коррупциявий хавфларни функционал баҳолаш натижасида 95 паст, 10 ўрта ва 1 юқори хавфли йўналиш аниқланган. Давлат архитектура назорати тадбирлари давомида 1,65 мингта қонунбузилиш ҳолати ҳамда 1,1 мингта ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоот аниқланган. Мазкур ҳолатлар бўйича тегишли чоралар кўрилиб, 624 ҳолатда маъмурий чоралар қўлланилган, жарималарнинг умумий миқдори 68,6 миллиард сўмни ташкил этган.

Мазкур масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов маъруза қилди. Соҳада рақамли назорат механизмларини кучайтириш мақсадида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими ишлаётгани қайд этилди. Мазкур тизим ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган автоматлаштирилган тизим билан таъминланган ҳамда “Notarius”, “E-ma’muriy ish”, “Adolat” ва “UzKad” ахборот тизимлари билан интеграция қилинган.
Давлат харидлари соҳасида “Масофавий аудит” механизмидан фойдаланиш натижасида 3 миллиард сўмлик тендерда қонунбузилишнинг олди олинган, 869,5 миллион сўмлик қонунбузилиш материаллари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Мазкур масала бўйича муносабат билдирган Сенат Раиси Танзила Норбоева қурлишларда хавфсизлик талабларига қандай риоя этилаётгани доимий эътибор марказида бўлиши зарурлигини қайд этди.
– Назорат органлари ходимлари ва пудратчилар ўртасида тил бириктириш, қурилишлардаги нохуш ҳодисаларни яшириш ёки айбдорларни жавобгарликдан қутқаришга уринишлар мавжудлигига ҳуқуқий баҳо берилиши лозим, - деди Т.Норбоева. – Айниқса, ўлим ёки оғир тан жароҳати билан якунланган бахтсиз ҳодисаларда коррупция аломатлари мавжуд ёки мавжуд эмаслигини прокуратура органлари билан ҳамкорликда ўрганиш мақсадга мувофиқ. 2026 йилда қурилиш соҳасида коррупцияни келтириб чиқараётган сабаблар, омиллар ва мавжуд шарт-шароитларни тизимли ва танқидий таҳлил қилиб, уларни бартараф этиш бўйича 2027 йилга мўлжалланган аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш керак. Умуман, мавжуд муаммоларни тизимли таҳлил қилиб, уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этишга қаратилган аниқ чораларни амалга ошириш лозим. Бу қурилиш соҳасида коррупциянинг олдини олиш ва хавфсизликни таъминлаш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Мазкур масала бўйича маъруза қилган Сенат аъзоси Зумрад Бекатова вазирлик тизимида 59 нафар ходимда манфаатлар тўқнашуви ҳолати аниқланганини қайд этди.

– Бу эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини олдиндан аниқлаш ва уларни бартараф этишнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш зарурлигини кўрсатмоқда, - деди З.Бекатова. – Давлат харидлари соҳасида аниқланган қонунбузилиши ва молиявий хавфлар эса харид жараёнларининг барча босқичларида ички назорат ва риск-таҳлил механизмларини кучайтириш ҳамда шаффофликни таъминлашни тақозо этмоқда. Вазирликка 2025 йилда келиб тушган 25 минг 46 мурожаатнинг 8 минг 773 таси (35 фоизи) қурилиш ва бино-иншоотларга, 11 минг 457 таси (46 фоизи) эса кўп квартирали уйларда умумий мулкни сақлаш ва таъмирлаш ҳамда бошқарув ташкилотлари фаолиятига оид бўлган. Вазирлик тизимида мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларининг бузилиши ҳам аниқланган. Бу ҳолат мурожаатлар билан ишлашда ички назорат ва масъулларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Мажлисда қурилиш соҳасида коррупциявий хавфларни камайтиришда норматив талабларнинг аниқ ва тушунарли бўлишига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Вазирлик томонидан 105 эскирган норматив-техник ҳужжат қайта ишланган, 76 ҳужжатнинг мажбурий мақоми бекор қилиниб, маълумот учун тавсиявий тоифага ўтказилган.

Сенаторлар ўз чиқишларида коррупцияга қарши курашишда қонунбузилиш содир этилганидан кейин чора кўриш билан чекланиб қолмасдан, уларга имкон бераётган тизимли омилларни бартараф этиш, инсон омилини қисқартириш, қарор қабул қилиш жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш зарурлигига эътибор қаратди.
Муҳокама якунлари бўйича вазирликка коррупциявий хавфларни мунтазам қайта баҳолаш, юқори хавфли йўналишлар бўйича назорат механизмларини кучайтириш, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияларнинг ҳаққонийлиги ва тўлиқлигини таҳлил қилиш, давлат харидларида шаффофликни таъминлаш, архитектура назоратида аниқланган қонунбузилишларнинг тизимли сабабларини бартараф этиш ҳамда рақамли назорат механизмларининг самарадорлигини ошириш бўйича вазифалар белгиланди.
Муҳокама якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА