Сен мўътабарсан, муқаддассан аёл!
Олмалиқ шаҳридаги “Металлург” маданият саройида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди. Унга Тошкент вилоятида яшаб, халқ хўжалигининг турли соҳаларида муваффақиятга эришиб келаётган онахонлар, опа-сингиллар таклиф этилди.
Тадбирда Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев барча латофатли аёллар ва қизларни байрам билан самимий табриклади. Жамиятимиз ва оиланинг устуни бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш азалдан халқимизда буюк қадрият бўлиб келгани алоҳида таъкидланди.
Қайд этилганидек, ҳозир аёллар мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшаётган барча соҳаларда фаолият олиб бормоқда. Хусусан, раҳбарлик лавозимларида 3 минг 873 нафар, тадбиркорликда 6 минг 510 нафардан зиёд, прокуратура соҳасида 14, суд идораларида 51, ички ишлар тизимида 130 дан зиёд, тиббиётда 48 минг, қишлоқ хўжалигида эса 22 минг ва давлат идораларининг турли жабҳаларида 27 минг нафардан ортиқ хотин-қизлар фаолият кўрсатмоқда. Айниқса, таълим соҳасида ишлаётган аёлларнинг 21 нафари фан доктори, 48 нафари фалсафа доктори, 25 нафари профессор, 44 нафари доцент илмий унвонларига эга.
Тадбирда жамият ривожига муносиб ҳисса қўшгани учун давлат мукофотларига сазовор бўлган хотин-қизлар алоҳида эътироф қилинди. Жумладан, Президентимизнинг 2025 йил 4 мартдаги “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармони ва 3 мартдаги “Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарорига асосан Тошкент вилоятидан ҳам бир қатор хотин-қизлар самарали меҳнати, бой тажрибаси билан юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларда фаол қатнашаётгани учун мукофотлангани айтиб ўтилди.
– Касбимни жуда яхши кўраман, – дейди “ОКМК акциядорлик жамиятининг Ангрен кон бошқармаси “Кўчбулоқ” шахтаси компрессор қурилмалари машинисти, “Шуҳрат” медали соҳиби Санобар Абдувалиева. – Ўттиз бир йиллик меҳнатим мобайнида соҳада кўплаб тажриба оширдим. Бир неча кун олдин Президентимизнинг юқсак мукофотига сазовор бўлдим. Бу мен учун катта шараф ва келгуси фаолиятимда масъулият билан ёндашишимга туртки бўлади.
Тадбир арафасида ташаббускорлиги, интилувчанлиги билан бошқаларга ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ фаол онахонларга “Мўътабар аёл” кўкрак нишони топширилгани ҳам алоҳида тилга олинди. Шундан сўнг жамиятимизнинг турли жабҳаларида фидойилик кўрсатаётган хотин-қизларга фахрий ёрлиқлар топширилди.
– Камтарона меҳнатларим юксак баҳоланганидан жуда хурсандман. Мен ёш олима сифатида бугунги кунда соҳада ўз илмий ишимни олиб боряпман. Ўрта толали ғўзанинг янги тезпишар, тола сифати юқори бўлган навини яратиш устида илмий иш олиб боряпман. Президентимиз томонидан юртимизда олима аёлларга аграр тармоқларда, илм-фанда жуда кенг имкониятлар яратиляпти. Биз бундан унумли фойдаланишимиз керак. Келгусида бундан-да яхши натижаларга эришиб мамлакатимизга янада кўпроқ ҳисса қўшишга ҳаракат қиламан, – дейди “Энг ёш олима” номинацияси ғолиби, Пахта селекцияси уруғчилик ва етиштириш агротехнологиялари илмий тадқиқот институти таянч докторанти Зарина Алимова.
Байрам санъаткорлар ижросидаги дилбар куй-қўшиқлар билан давом этди. Барча аёлларга эсдалик совғалари топширилди.
А.Мусаев,ЎзА