Селекция ва уруғчиликда замонавий ёндашувлар тақдим этилди
Тошкентда ўтган халқаро анжуман аграр соҳа келажагини белгилади. Мутахассислар селекция, уруғчилик ва инновацион агротехнологиялар бўйича глобал тажриба алмашди.
Тошкент давлат аграр университетида “Селекция ва уруғчиликда замонавий илмий-амалий ёндашувлар” мавзусида халқаро анжуман ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда университет профессор-ўқитувчилари, олимлар, шунингдек, Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлардан соҳа мутахассислари иштирок этди.

Анжуманда қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилиги, инновацион агротехнологиялар, биотехнология, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, рақамли технологиялар ва замонавий агрологистика каби долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Жанубий Кореялик мутахассис Хванг Сунг Мо картошка селекциясининг ривожланиши, ҳосилдорликни ошириш ва касалликларга чидамли навларни яратиш борасидаги Корея тажрибаларини тақдим этди. Туркиялик профессор Сулаймон Кодель томчилатиб суғориш технологиялари ва сув тежаш имкониятларига бағишланган маъруза қилди. Россиянинг Бошқирдистон аграр университети доценти Игор Кузнецов эса Ўзбекистон мош навларини Бошқирдистоннинг тупроқ-иқлим шароитида синаш, мослаштириш ва етиштириш бўйича олиб борилган тадқиқотларни тақдим этди.

Анжуман давомида иштирокчилар маърузалар юзасидан фаол фикр алмашди, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Тадбир аграр соҳада халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ва замонавий илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилди.
Санжар Тошпўлатов,
ЎзА