Сел келганда нима қилиш керак?
Маълумки, сел жуда оғир табиий фалокат бўлиб, у минтақанинг иқтисодиёти, инфратузилмаси ва инсонлар ҳаётига жиддий зарар етказади.
Шу кунларда республикамизнинг айрим ҳудудларида кучли ёғингарчилик оқибатида сел оқимлари ва тошқин сувлари юзага келмоқда. Ўз навбатида, бунинг оқибатлари талафотли бўлмоқда.
Шунага кўра, ФВВ сел хавфи юзага келганда аҳоли қандай йўл тутиши кераклиги бўйича эслатма билан чиқди.

Хусусан, ФВВ Ахборот хизмати ходими Самандар Ҳикматуллаев сел хавфи бўлганда зарур ҳаракатлар бўйича тавсиялар берди:
– Сел оқимларидан фақат қочиб қутилиш мумкин. Сел хавфи тўғрисида ҳабар эшитгандан сўнг дарҳол хавфсиз жойга кўчиш ҳаракатларини қилиш керак. Сел оқимининг тез фурсатда шаклланиши, унинг тезлигини ҳисобга олган ҳолда хабар тарқатиш ва муҳофаза тадбирларини бажариш учун вақт жуда чегараланганини, жумладан, бир неча дақиқадан 10-20 дақиқагача бўлиши мумкинлигини доимо ёдда тутиш лозим.
Сел оқимидан халос бўлишнинг иложи бўлмаса, баландроқ тепалик устига, дарахтга ёки бирор баланд мосламалар устига чиқиш керак. Одатда сел 3-5 соат давом этиши мумкин. Сел оқими ўтгандан сўнг девор ва устунларнинг ҳолатини, газ, электр ва сув таъминотининг созлигини текшириш зарур.
Гулноза Бобоева, ЎзА