“Сеҳрли чапақай” – спортдаги қатъият ҳақидаги фильм
«Ренессанс» кино уйида Кинематография агентлиги, Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Республика маънавият ва маърифат маркази, Президент Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш миллий маркази, "Your films entertainment" масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида суратга олинган "Сеҳрли чапақай" фильмининг ёпиқ премьераси бўлиб ўтди.
“Сеҳрли чапақай” – спорт, оила ва жамиятнинг ибратли қадриятларини ўзида мужассам этган, ҳаётий воқеаларга асосланган ижодий лойиҳа саналади. Фильм томошабинга кучли мотивация, ишонч ва ғалабага интилиш ҳиссини улашиши билан диққатга сазовор.
Фильм марказида ота ва бола муносабатлари, она меҳри, тарбия, жамоадаги аҳиллик руҳи устувордир. Картинада акс этган воқеликлар давомида бош қаҳрамоннинг мураккаб ҳаёт йўли, спортдаги синовлари, мағлубият ва умидсизликларга қарши кураши, қайта оёққа туриб, катта мақсадлар сари қатъият билан интилиши чуқур драматик услубда очиб берилган.

“Сеҳрли чапақай” наинки спорт ҳақидаги фильм, балки инсонийлик, ҳалоллик, ирода ва матонат ҳақида ҳам таъсирчан ҳикоядир.
Фильмда мард, эътиқоди мустаҳкам, фарзанди камоли учун курашувчи ота образи орқали томошабинга кучли ҳаётий ибрат кўрсатилади.
Лойиҳа ёш авлодни ватанпарварлик, қатъият, спортга муҳаббат руҳида тарбиялашга йўналтирилгани билан диққатга сазовордир. Мазкур картина юртимизда спорт соҳасидаги ислоҳотлар, яратилаётган имкониятлар, уларнинг амалий натижаларини кенг жамоатчиликка етказиши билан аҳамиятлидир.
Ушбу фильмнинг сценарий муаллифи ва режиссёри – Ҳабибуллоҳ Ҳайдар, продюсер – Фозил Юнусов, операторлар – Дилмурод Турдибоев, Садриддин Шаҳобиддинов, рассом – Муҳаммадали Раҳимов, бастакор – Алексей Извольский. Либос рассоми – Дилрабо Ражабова, грим рассоми – Наргиза Ҳоликова, иккинчи режиссёр – Ардашер Абдулҳай ўғли. Картина директори – Азиз Қурбонов.
Фильмда асосий ролларни Сирожиддин Сатторов, Муҳаммад Нурмуҳаммадов, Тоҳир Саидов, Шаҳло Темирова, Ўлмас Темур, Ардашер Абдулҳай ўғли, Мурод Насимов ва бошқалар ижро этган.
Н.Усмонова, ЎзА