Сайёр учрашув: муаммолар ечим топмоқда
Тошкент вилояти суди судьялари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш, фуқароларнинг ҳуқуқий муаммоларини тизимли ҳал этишга қаратилган “Менинг маҳаллам – менинг судьям” ғояси асосида сайёр учрашувлар ўтказиб келинмоқда.
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри “Кабутар” МФЙда бўлиб ўтган учрашув ҳам аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилди.
Юртимизда суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар замирида фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судловни самарали таъминлашдек эзгу мақсад ётибди.

Судьялар “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” Давлат дастурининг мазмун-моҳияти, аёлларга нисбатан бўлаётган тазйиқ ва зўравонлик, вилоят ҳудудида содир этилаётган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар, уларни жиловлаш, жиноятчилик профилактикаси, ҳудудни коррупциядан ҳоли ҳудудга айлантириш бўйича қилинаётган ишларга тўхталди.
Учрашувда фуқаролар ўзларини қийнаётган муаммоларини билдирди. Ҳуқуқий кўмакка муҳтож бўлган оилаларга тушунтиришлар берилди.
Никоҳ, алимент ундириш, мерос, қарз ундириш, кредит қарздорлиги ва фарзандликка олиш, юридик фактлар билан боғлиқ ишлар юзасидан фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Мамлакатимиз суд корпусининг аҳоли билан янада яқин бўлаётгани, нафақат уларни қийнаётган муаммоларнинг ечилишига, балки фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигини оширишга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Шоира Эрметова,
Фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судининг судьяси.
ЎзА