Сайёр судда икки оила ярашди
Сурхондарё вилоят прокуратураси ва Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси алимент пулларини ўз вақтида ололмаётган оналарнинг мурожаати асосида сайёр суд мажлиси ташкил этди.
Жиноят ишлари бўйича Ангор тумани судида бўлиб ўтган сайёр суд жараёнларида айбдор алиментчи оталарга нисбатан қонуний чора кўрилди. Жумладан, мажлисларда алимент тўлашдан қасддан бош тортиб келган 4 отага нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддасига асосан ўн беш сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди. Яна бир алиментчи ота — А.Қиличев 14 миллион 500 минг сўм алимент қарзларини тўлашдан қасддан бош тортиб келгани учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан айбли, деб топилди ва ўн ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилди.
Шу куни Мажбурий ижро бюроси Ангор туман бўлими иш юритувида бўлган иккита оиланинг ижро ҳужжатлари ҳаракатдан тўхтатилди. Чунки, улар суд жараёнида иштирок этган кенг жамоатчилик маслаҳатларига амал қилиб, ўз хоҳишларига кўра ярашиб олди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА