Сайёр қабулда маънавият-маърифат масалалари кўриб чиқилди
Мамлакатимизда маънавий-маърифий соҳани тубдан такомиллаштириш, уни ҳаётимизга чуқур сингдириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири. Зеро, инсон қалби ва тафаккури юксалмас экан, ислоҳотлар самараси ҳам тўлиқ намоён бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда 2019 йил 3 майдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Ана шу муҳим ҳужжатлар ижросини таъминлаш, жойлардаги муаммоларни бевосита ўрганиш ва уларга ечим топиш мақсадида Ғаллаорол туманида Республика Маънавият ва маърифат маркази Жиззах вилоят бўлими раҳбари Иқболой Умарованинг сайёр қабули ташкил этилди.
— Маънавиятни юксалтириш бу фақатгина шиор эмас, балки ҳар бир маҳалла, ҳар бир оила ҳаётида намоён бўлиши керак бўлган ҳаётий эҳтиёждир, — дейди Иқболой Умарова. — Биз жойларга чиқиб, одамлар билан юзма-юз мулоқот қилмас эканмиз, ҳақиқий ҳолатни тўлиқ англай олмаймиз. Сайёр қабуллар ана шу жиҳатдан ғоят муҳимдир.
Қабул давомида Жийдали маҳалласидаги ўқув марказини янги адабиётлар билан таъминлаш, тарғиботчилар фаолиятини самарали ташкил этиш учун зарур техника ва услубий воситалар ажратиш, ахборот-кутубхона маркази фондини бойитиш, шунингдек, маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирларни тизимли равишда йўлга қўйиш масалалари юзасидан қатор таклиф ва мурожаатлар билдирилди.
Эътиборлиси, мурожаатларнинг аксар қисми шу жойнинг ўзидаёқ ижобий ҳал этилди. Айрим вақт талаб этадиган масалалар эса аниқ муддатлар белгиланиб, назоратга олинди. Бу эса, ўз навбатида, давлат идоралари ва аҳоли ўртасидаги очиқ мулоқотнинг амалий самара бераётганидан далолатдир.
— Бугунги кунда маънавий-маърифий ишларни “бир марталик тадбир” шаклидан чиқариб, тизимли ва узлуксиз жараёнга айлантириш энг муҳим вазифамиздир, — дея таъкидлайди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари. — Бу борада ҳар бир тарғиботчи, ҳар бир мутасадди ўз масъулиятини чуқур ҳис этиши зарур.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, жойларда бундай сайёр қабулларнинг мунтазам ташкил этилиши нафақат мавжуд муаммоларни бартараф этиш, балки аҳолининг маънавий эҳтиёжларини аниқлаш ва уларни манзилли қондириш имконини ҳам бераётир. Энг муҳими, бу жараёнларда инсон қадри, унинг фикри ва ташаббуси устувор аҳамият касб этмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА