Қадимий ва боқий Бухоро доим барчани мафтун этиб келган. Шаҳарнинг бой тарихи, беқиёс меъморий обидалари, муқаддас қадамжолари Мустақиллик байрами муносабати билан янада гавжум бўлди.
– Бугунги кунда Бухорога кўплаб сайёҳлар келмоқда, – дейди Бухоро Давлат музей қўриқхонаси раҳбари Ўктамали Равшанов. – Бунинг сабаби, туризм соҳасига катта имконият берилганидадир. Ҳар йили 2-8 сентябрь кунлари республикамиз бўйлаб “Музейлар ҳафталиги” ташкил этилади. Мақсад музейларга аҳолини кенгроқ жалб қилиш, музейдаги экспонатларни кенгроқ тарғиб қилиш, кўргазмалар, янги тарихий ашёларни халққа намойиш этишдан иборат. Ҳафталик давомида музейларга бепул кириш имконияти яратилган. Мана шу бир ҳафта давомида ҳам сайёҳларнинг оқими ортди. Ҳар куни минг, бир ярим минг маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг ташрифи кузатилмоқда.
–Мустақиллигимизнинг 33 йиллигидаги Юртбошимиз нутқлари мени руҳлантирди, – дейди Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Гулнора Тўхтамишева. – Ўзимнинг IT соҳасида янада билимларни эгаллаб, Ватанимиз ривожига ҳиссамни қўшмоқчиман. Бугун кўҳна ва боқий Бухоронинг қайси гўшасига боқманг хорижлик сайёҳлар билан гавжум. Сайёҳлар яратилган инфратузилма, хизмат кўрсатиш сифати, музей ва бошқа маданий мерос объектларидаги шароитлардан мамнун.
[gallery-19141]
– Қорақалпоғистон Республикасидан Бухорони айлангани келдим, –дейди Мират Султанов. – Президентимизнинг туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган имкониятларини ҳар бир қадамда ҳис қиляпмиз. Биринчи марта келишим, лекин жуда ҳам чиройли экан.
Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятга 5,7 миллион меҳмон ташриф буюрган. Шундан қарийб 3 миллион нафарини маҳаллий сайёҳлар ташкил этган. Ҳозирда, турли ҳудудлардан келадиган меҳмонлар 2 бараварга, хорижликлар кўрсаткичи эса 3 баробарга ошган.
– Ўзбекистонга келиб ажойиб манзарага гувоҳ бўлдик, – дейди италиялик сайёҳ Валентина Падалиньо. – Чиндан тариф қилишганича бор экан. Биринчидан хавфсиз, иккинчидан таомлар ва хизмат кўрсатиш юқори. Тошкентдан бошланган саёҳатимиз бизга бир-биридан қизиқарли жойларга бошламоқда. Бундай тарихий шаҳарда одам ўзини бошқа бир дунёга тушиб қолгандек ҳис қилади. Бугун юртингизнинг ажойиб байрамига шерикмиз. Ниятим, юртингиз тинч бўлсин, ҳамиша мана шундай байрам кайфияти ҳукмронлигини тилайман.
Бухорода яшаб туриб, иш, ўқиш ва бошқа юмушлар билан банд бўлган аҳоли ҳам бугунги имкониятлардан бениҳоя мамнун бўлмоқда. Улар ҳам вилоятдаги қадим ўтмиш намуналаридан ўзгача завқ олмоқда.
– Бугун байрам арафасида берилган имкониятдан фойдаланиб Ўзбекистон бўйлаб саёҳатни амалга оширяпмиз, – дейди тошкентлик сайёҳ Екатерина Исламова. – Ҳар байрамда биз юртимизнинг тарихий масканларига саёҳат қилиб, оиламиз билан Ўзбекистоннинг бой тарихидан воқиф бўламиз. Бундай имконият ўзинг яшаётган юрт ҳақида тасаввурларингни бойитади, унга бўлган меҳрингни оширади. Бугун шундай гўзал юртимизни саёҳат қилишга шароит яратгани учун Президентимиздан миннатдормиз.
Таҳлилларга кўра, хорижий сайёҳлар ташрифи натижасида туризм экспорти ҳажми қарийб 160 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Маҳаллий меҳмонлар салмоғи билан қўшиб ҳисоблаганда бу кўрсаткич икки ҳиссага ортиши мумкин. Энг муҳими, имтиёз ва имкониятлар соҳа тараққиётида муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.