Сайловчилар ишончи — энг олий масъулият
Халқ вакилининг асосий вазифаси нафақат қонун ижодкорлиги билан шуғулланиш, балки ўз сайловчиларининг дарду ташвишларига шерик бўлиш ва уларни қийнаётган муаммоларга ечим топишдан иборат.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулжан Халмуратова ҳам айни шу мақсадда ўз ҳудудида сайловчилар билан доимий мулоқотлар ўтказиб, фуқаролар мурожаатларини ижобий ҳал этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Жумладан, Нукус шаҳридан салкам 460 километр узоқликда жойлашган Қорақалпоғистон Республикасининг энг чека ҳудудларидан бири — “Қорақалпоғистон” шаҳарча фуқаролар йиғинида ташкил этилган учрашувлар аҳолини қийнаётган бир қатор масалаларни юзага чиқарди. Хусусан, аҳоли билан суҳбат давомида ишсизлик, тоза ичимлик суви таъминоти ва таълим соҳасидаги камчиликлар аниқланди.

Шаҳарча фуқаролар йиғинида яшовчи Т.Жумамуратова депутатга ишсизлик масаласида мурожаат қилди. Оиласини боқиш учун кунлик ишлар билан шуғулланиб келаётган фуқаро маҳаллий спорт мажмуасига ишга киришда ёрдам сўради. Депутатнинг Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлиги билан олиб борган музокаралари натижасида ушбу масала ижобий ҳал этилди. Т.Жумамуратова спорт мажмуасига мавсумий ишга жойлаштирилди.

Ҳудуд аҳолисини узоқ вақтдан буён томорқа ерларини суғориш масаласи қийнаб келаётган эди.
Г.Халмуратованинг саъй-ҳаракати ва тегишли ташкилотлар билан келишуви натижасида бу муаммога ҳам чек қўйиладиган бўлди. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди Қорақалпоғистон бўлими томонидан ушбу масала грант лойиҳасига киритилди. Жорий йилда артезиан қудуғини қазиш учун 200 миллион сўм маблағ ажратилиши тасдиқланди.

Учрашувлар давомида ёшлар ҳам ўз таклифларини билдирди. Маълум бўлишича, ҳудудда фақат инглиз тилидан репетитор мавжуд бўлиб, бошқа фанлардан ҳам қўшимча дарсларга эҳтиёж катта. Депутат ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида Мўйноқ туманидаги каби замонавий “Book Café” ташкил этишни тавсия қилди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига давлат гранти лойиҳасини топшириш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Депутатнинг фаоллиги ва қатъияти туфайли чека ҳудуд аҳолисини қийнаб келаётган, йиллар давомида тўпланиб қолган айрим муаммолар ўз ечимини топмоқда. Халқ вакили учун энг катта мукофот сайловчилар ишончидир.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.