Сайлов участкалари масъуллари малака оширди
Андижон давлат университетида жорий йилнинг 9 июль куни мамлакатимизда муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Президент сайлови олдидан маҳаллалардан кўрсатилган кузатувчиларнинг иштироки, сайлов участкалари мутасаддиларининг ҳуқуқий билимларини ошириш масалаларига бағишланган ўқув машғулоти бўлиб ўтди.
Ҳуқуқшунос олимлардан иборат Республика ишчи гуруҳи томонидан “Ўзбекистон Республикасида муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Президент сайлови олдидан маҳаллалардан кўрсатиладиган кузатувчиларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш масалалари” дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича ўтказилган мазкур тадбирда сайлов участкалари раислари, раис ўринбосарлари ва котибларига дастурда белгиланган вазифалар, маҳаллалардан кўрсатиладиган кузатувчиларнинг иштироки, уларнинг ваколатлари ҳақида ҳуқуқий тушунчалар берилди.
Ўқув машғулотида Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори С. Ходжаева, директор ўринбосари Ш. Умарова, институт эксперти Н. Якубова, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили Г. Абдувоҳидованинг Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилигига киритилган ўзгаришлар ва уларнинг халқаро меъёрларга мослиги, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг кузатувчилари, уларнинг ваколатлари, функция ва вазифалари, тарқатма материалларни тақдим этиш ва жамоатчилик мониторинги масалалари юзасидан маърузалари тингланди.
Иштирокчилар томонидан маърузалар, мавзу доирасидаги ишларни самарали ташкил этиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди, савол-жавоблар бўлди.
Республика Ишчи гуруҳи аъзолари томонидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилояти Кенгаши мажлислар залида участка сайлов комиссиялари раислари иштирокида ўтказилган тадбирда сайлов қонунчилигидаги муҳим жиҳатлар, сайлов жараёнларида қонун устуворлигини таъминлаш хусусида атрофлича сўз юритилди.

Шунингдек, Республика ишчи гуруҳи аъзоларининг пробация назорати остида турган шахслар билан ўтказган давра суҳбатида уларга сайловга оид Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги, овоз берувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида кенг маълумотлар берилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗАҚОВ (фото), ЎзА