Сайфиддин Жўраев: Марказий Осиё – Жанубий Корея ҳамкорлиги янги сифат босқичига кўтарилиши кутилмоқда
Бугун глобал сиёсий ва иқтисодий жараёнларда минтақавий ҳамкорлик форматларининг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Бу жараёнда Марказий Осиё ҳам ўзининг иқтисодий салоҳияти, транспорт имкониятлари, саноат ва технологик тараққиёти билан халқаро жамоатчилик эътиборини тортаётган муҳим минтақага айланмоқда.
ЎзА “Дунёга назар” таҳлилий дастурида сиёсий фанлар доктори, профессор Сайфиддин Жўраев “Марказий Осиё – Корея Республикаси” ҳамкорлик формати ва унинг истиқболлари хусусида қисқача фикр билдирди.
– Аввало айтиш керакки, минтақамиз ва Жанубий Корея ўртасидаги муносабатлар янги босқичга чиқиши кутилмоқда. Халқаро экспертлар фикрича, эндиликда “Марказий Осиё – Корея” форматини янада такомиллаштириш ва унинг амалий механизмларини ривожлантириш зарурати юзага келмоқда.
Бунинг ўзига хос сабаблари бор, албатта. Бугун Марказий Осиёда иқтисодиёт, транспорт, маданий-гуманитар алоқалар, саноат ва технологиялар соҳасида давлатларни бир-бирига боғлаб турувчи янги муштараклик шаклланмоқда. Бу жараён Корея Республикаси учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки минтақа билан ягона форматда йўлга қўйиладиган келишув ва ташаббуслар Марказий Осиёнинг беш давлати манфаатларини қамраб олиш имконини беради.
Иқтисодиёт, транспорт, саноат, технология ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни шу асосда ривожлантириш томонлар учун ҳам самарали бўлади. Ўйлайманки, Марказий Осиё – Жанубий Корея муносабатлари янги сифат босқичига кўтарилиб, бу ҳолат стратегик ҳамкорликнинг янги қирраларини очиш ва узоқ муддатли шерикликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Ушбу интервьюни ЎзАнинг “YouTube” каналида кўришингиз мумкин.
Ў.Алимов, И.Исматов (видеомуҳандис),
ЎзА