Саъй-ҳаракатлар юқори баҳоланди
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ бўйича минтақавий бюроси директори Миряна Сполярич Эггер билан учрашди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва БМТ Тараққиёт дастури ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва келгусидаги ривожланиш истиқболлари тўғрисида фикр алмашди.
Вазир ўринбосари БМТ Тараққиёт дастурининг экологик муаммоларни ҳал этишга кўмаклашишга қаратилган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.
Томонлар БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев илгари сурган "Орол денгизи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” деб эълон қилиш тўғрисидаги қарорини бир овоздан қабул қилинганлигини мамнуният билан қайд этди. Шу нуқтаи назардан, Орол денгизининг қуриши оқибатларини юмшатиш бўйича биргаликдаги ҳаракатларни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Бўлажак турли даражадаги қўшма тадбирларнинг жадвали алоҳида кўриб чиқилди.
ЎзА