Саховатдан улашилган қувонч
ФОТОРЕПОРТАЖ
Эҳсон ва саховат халқимизнинг азалий қадриятларидан. Эҳтиёжманд инсонларга кўмак кўрсатиш, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган эзгу ташаббуслар бугун ҳам изчил давом этмоқда.
Мустақиллик байрами арафасида Жиззах шаҳридаги “Яккасарой” тантаналар мажмуасида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун хайрия хатна тўйи ўтказилди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Жиззах вилоятидаги вакиллиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда 2 ёшдан 11 ёшгача бўлган 35 нафар болажонга чексиз қувонч улашилди.
Тўй болаларига велосипед, костюм-шим, оёқ кийимлари ва бошқа совғалар топширилди. Улар учун байрам дастурхони ёзилиб, кўнгилочар дастурлар намойиш этилди.
[gallery-30936]
— Турмуш ўртоғим икки йил аввал инсультни бошидан кечириб, I гуруҳ ногирони бўлиб қолган. Оиламиз ижтимоий ҳимояга олинган, тўрт нафар фарзандимиз бор. Бугун кичик ўғлимнинг тўйини ўтказиб беришди. Бундай эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиздан, ташкилотчилардан миннатдормиз, - дейди Ғаллаорол тумани Дўстлик маҳалласида яшовчи Нилуфар Омонова.
Эзгу тадбир доирасида Ғаллаорол тумани Жийдали маҳалласининг Шўрчи қишлоғида яшовчи, I гуруҳ ногиронлиги бўлган Дилшод Турдолиевга ҳам янги хонадон калитлари топширилди.
Тўрт хонали замонавий уй “Вақф” хайрия жамоат фонди ва саховатпеша ҳомийлар маблағлари ҳисобидан қуриб битказилди.
Саховат тадбирлари инсон қадрини улуғлаш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва жамиятда ўзаро меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА