Саволларга аниқ ва батафсил жавоб берилди, айрим муаммолар жойида ҳал этилди
Жиззах вилоятининг Бахмал туманида Давлат кадастрлари палатаси раиси Моҳир Валиев иштирокида ўтказилган навбатдаги сайёр қабул ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилди. Туман филиали биносида ташкил этилган қабулда 30 га яқин фуқаро ва тадбиркор кадастр соҳаси, ер муносабатлари, бино ва иншоотларни расмийлаштириш ҳамда мулк ҳуқуқини ҳужжатлаштириш билан боғлиқ масалалар юзасидан мурожаат қилди.
[gallery-30134]
Учрашув давомида фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларни қизиқтирган саволларга аниқ ва батафсил жавоб беришга алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, 2024 йил 5-августдаги “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ижроси доирасида ҳудудларда амалга оширилаётган хатлов ишлари, режа-графиклар, инвентаризация жараёнлари ҳамда унинг кейинги босқичлари хусусидаги саволлар юзасидан атрофлича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Энг муҳими, қабул расмий мулоқот билан чекланиб қолмади. Ҳар бир мурожаат алоҳида ўрганилиб, 10 дан ортиқ масала жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш талаб қиладиган мурожаатлар бўйича эса масъулларга аниқ вазифа ва топшириқлар юклатилиб, ижросини назоратга олиш белгиланди. Бу эса ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг қонуний манфаати турганини яна бир бор тасдиқлайди.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари