Савдо хизматлари ҳажми уч ойда 75 триллион сўмдан ошди
Ўзбекистонда хизматлар соҳаси иқтисодиётнинг муҳим драйверларидан бири сифатида юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолмоқда. Айниқса, ички истеъмол бозорининг кенгайиши, чакана ва улгуржи савдо айланмасининг ортиши, электрон тижорат хизматларининг оммалашуви савдо хизматлари ҳажмининг сезиларли ўсишига хизмат қилмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил январь–март ойларида республикада савдо хизматлари ҳажми 75,1 триллион сўмни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 19,4 фоизга ошгани соҳада барқарор ўсиш кузатилаётганини кўрсатади.
Таҳлилларга кўра, савдо хизматлари иқтисодиётда аҳоли бандлигини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатда замонавий савдо мажмуалари, логистика марказлари ва электрон савдо платформалари фаолиятининг кенгайиши ҳам ушбу соҳанинг ривожига туртки бермоқда.
Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган бўлиб, пойтахтда савдо хизматлари ҳажми 28,4 триллион сўмни ташкил этган. Бу республика умумий кўрсаткичининг катта қисмини қамраб олмоқда.
Кейинги ўринларда Тошкент вилояти — 6,7 триллион сўм, Фарғона вилояти — 5,8 триллион сўм ва Самарқанд вилояти — 5,6 триллион сўм кўрсаткич билан қайд этилди.
Шунингдек, Наманган вилоятида савдо хизматлари ҳажми 4,2 триллион сўм, Андижонда 4 триллион сўм, Қашқадарё вилоятида 3,7 триллион сўмни ташкил этган.
Бухоро вилоятида мазкур кўрсаткич 3,6 триллион сўмга, Сурхондарё вилоятида 3,2 триллион сўмга етган. Хоразм вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси ва Жиззах вилоятида ҳам савдо хизматлари ҳажми 2 триллион сўмдан юқори бўлган.
Навоий вилоятида 1,7 триллион сўмлик савдо хизматлари кўрсатилган бўлса, Сирдарё вилоятида бу рақам 945,7 миллиард сўмни ташкил этган.
Аҳоли даромадларининг ўсиши, ички бозорда талабнинг юқорилиги ва рақамли савдо хизматларининг оммалашуви келгуси даврда ҳам соҳада ўсиш суръатларини сақлаб қолишга хизмат қилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА