Сарҳисоб: Сурхондарё қишлоқ хўжалиги рақамларда
Вилоят иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бири бўлган қишлоқ хўжалигида ўтаётган йил 18,9 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.
28 минг тонна бошоқли дон, 201 минг тонна пахта, 1 минг 661 тонна пилла, 133,5 минг тонна гўшт, 570 минг тонна сут, 300 миллион дона тухум, 675 тонна асал, 2 минг 23 тонна балиқ маҳсулотлари, 1 миллион 46 минг тонна сабзавот, 311 минг тонна полиз, 329 минг тонна картошка, 162 минг тонна мева, 94 минг тонна узум етиштирилди.
Пахта ҳосилининг 93 фоизи пахта-тўқимачилик кластерлари ҳиссасига тўғри келди. Мавсумда 8 та ғаллачилик кластери фаолият юритиб, ҳар гектар майдондан 65-69 центнердан сара дон йиғиб олди. 228 минг тонна дон деҳқон ва фермерлар ихтиёрида қолдирилди. Вилоятда сўнгги тўрт йилда 55 минг гектар пахта ва ғалла майдони қисқартирилиб, ўрнига экспортбоп ва экологик тоза, мева-сабзавот ва озуқабоп экин етиштириш йўлга қўйилди.
[gallery-518]
Жорий йилда 889 гектар янги интенсив боғ, 1 минг 17 гектар узумзор, 74,4 гектар майдонда 28 та иссиқхона барпо этилди. 13 та мева-сабзавотчилик, 2 та қоракўлчилик, 2 та пиллачилик кластери ташкил этилди. Янги йилдан паррандачилик, чорвачилик, шоличилик кластерлари иш бошлайди. 3 минг 797 гектар майдонда сув тежовчи технологиялар ўрнатилди. Кореянинг "KOICA" агентлиги Аму-Занг канали ва Жанубий-Сурхон, Тўпаланг сув омборларига сув сарфини онлайн назорат қилувчи махсус қурилмалар ўрнатиб, соҳага инновацион технологияларни жорий этди. 1 минг 276 километр очиқ ва 286 километр ёпиқ-ётиқ коллектор, 132 дона гидротехник иншоот таъмирланиб, тикланиши эвазига 22 минг 600 гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланди.
Давлат бюджетидан ажратилган 43 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 13 та лойиҳа доирасида 17 та янги суғориш тармоғи қурилди, 32 километр суғориш тармоғи реконструкция қилинди, 3,1 километр янги лоток ўрнатилди. 12 дона суғориш қудуғи қазилди, 12 насос станцияси ташкил этилиб, фойдаланишдан чиққан 6 минг 144 гектар майдон қайта фойдаланишга киритилди.
Вилоят миришкорлари 94,3 миллион доллар қийматидаги турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўндан ортиқ давлатга экспорт қилди. Воҳа қишлоқ хўжалигида юз бераётган ўзгаришлар ҳудуднинг ободлиги, юрт фаровонлиги ва аҳоли дастурхонлари тўкинлигини таьминлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятли бўлмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА