Сарҳисоб: бир йилда олтмишдан зиёд чемпион
Улуғбек Қўчқоров нафақат Наманган вилояти, балки республикамиз спорт жамоатчилигига яхши танилиб улгурган иқтидорли мураббийлардан ҳисобланади. Айни вақтда Наманган муҳандислик-технология институти спорт кафедраси мудири сифатида фаолият юритиб бораётган Улуғбек учун якунига етиб бораётган 2024 йил унутилмас воқеликларга бой бўлди.
Хусусан, 2023-2024 ўқув йили давомида олий таълим муассасаларининг барча мутахассислари учун “Жисмоний тарбия ва спорт” номли дарслик қўлланмасини яратди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси рўйхатидаги нашрларда 12 та илмий, халқаро илмий журналларда эса 8 та мақоласи чоп этилди. Жорий йилда шогирдлари орасидан 60 дан зиёд Ўзбекистон чемпиони, 90 дан ортиқ мамлакат чемпионати совриндорлари ҳамда 8 нафар спорт устаси етишиб чиқди. Ушбу даражага чиққан талабалар сони бугунга келиб 50 нафардан ошди.


Мазкур салмоқли натижаларнинг ёрқин самараси ҳамда ўз устида илмий изланишлари натижасида Улуғбек Қўчқоров 2024 йил 31 октябрда Олий аттестация комиссияси томонидан “Жисмоний тарбия, спорт машғулотлари, соғломлаштирувчи ва адаптив жисмоний тарбия назарияси ва методикаси” ихтисослиги бўйича профессор илмий унвонига эга бўлди.
Бугунги кунда институтда ташкил этилган “Улуғбек муай-тай” спорт клубида юздан зиёд талабалар ҳамда олийгоҳ жойлашган ҳудуд атрофидаги маҳаллалардан уюшмаган ёшлар шарқона яккакураш тури билан мунтазам шуғулланиб келмоқда.


Янги йил байрами арафасида Улуғбек Қўчқоровнинг иқтидорли шогирдлари устоз мураббийига муносиб туҳфа ҳозирлашди. Пойтахтимизда бўлиб ўтган Ўзбекистон муай-тай ассоциацияси раиси кубоги мусобақасида Наманган муҳандислик-технология институти талабалари ажойиб натижаларга эришди. Унда 36 нафар талаба-спортчи муваффақият қозониб, кубок совринига сазовор бўлди.
Дарвоқе, Наманган муҳандислик-технология институти гарчи спорт йўналишига ихтисослашмаган бўлсада, қўлга киритилган натижалари билан водий вилоятларидаги олий таълим муассасалари орасида пешқадам мавқега эга бўлди. Бу ҳам профессор ва мураббий Улуғбек Қўчқоровнинг машаққатли, аммо, шарафли меҳнатининг амалдаги маҳсулидир.


Оқилхон Дадабоев, ЎзА