Сарҳадлар ҳимоясига бел боғлаган ёшлар қасамёд қилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида Давлат хавфсизлиги хизмати Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ёшларнинг Ватанга қасамёд қабул қилиш маросими юқори савия ва тантанали руҳда бўлиб ўтди.
Мамлакатимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлашдек шарафли бурчни зиммасига олаётган ёшлар учун муҳим аҳамият касб этган ушбу тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Чегара қўшинлари масъул офицерлари, фахрийлар, чақирилувчиларнинг ота-оналари ҳамда яқинлари иштирок этди.
Маросим давомида ҳарбий хизматга янги чақирилган ёшлар Ватан сарҳадларини ишончли қўриқлаш, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилиш, эл-юртга садоқат билан хизмат қилишга қасамёд қилди. Бу лаҳзалар нафақат ёшлар, балки уларнинг ота-онаси ва яқинлари учун ҳам унутилмас ва фахрли онларга айланди.
Тадбир давомида янграган миллий куй-қўшиқлар, ҳарбийлар томонидан намойиш этилган чиқишлар маросимга янада кўтаринки руҳ бағишлаб, иштирокчилар қалбида Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини мустаҳкамлади.
[gallery-28846]
Бундай тантанали тадбирлар ёш авлод қалбида ватанпарварлик, бурч ва масъулият туйғуларини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА