Сардобада етиштирилган мош хорижга экспорт қилинмоқда
Сардоба туманида етиштирилаётган мошни қайта ишлаш ва экспорт ҳажмини ошириш бўйича амалий ишлар натижа бермоқда. Тумандаги «Oqoltin Green Gold Export» корхонасида сараланиб, калибрланган ва замонавий усулда қадоқланган мошни Хитой бозорига етказиб бериш бўйича умумий қиймати 5 миллион долларлик шартномалар имзоланди.
Бу ҳақда ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар иштирокида корхонада ташкил этилган пресс-тур давомида маълумот берилди. Иштирокчилар корхона фаолияти билан бевосита танишиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қабул қилиш, саралаш ва калибрлашдан тортиб, замонавий технологиялар асосида қадоқлаш ҳамда экспортга тайёрлашгача бўлган жараённи кўздан кечирди.
Ўзбекистон–Хитой ҳамкорлиги асосида фаолият юритаётган корхона дуккакли экинлар, хусусан, мошни қайта ишлаш ва экспорт қилишга ихтисослашган. Бу ерга хомашё Сардоба туманидаги 4 минг гектар майдондан, шунингдек, Жиззах вилоятининг Пахтакор ва Дўстлик туманларидан етказиб берилади.

Корхонада маҳсулот сифати ва экспорт талабларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хитойнинг «Juletta» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган, қиймати 250 минг АҚШ долларига тенг замонавий кўп функцияли саралаш ва қадоқлаш ускуналари ўрнатилган. Мазкур ускуналар суткасига 50 тоннагача мошни саралаш ва қадоқлаш имконини беради.
Мошни қайта ишлаш орқали маҳсулотга қўшилаётган қиймат ҳам ортади. Сараланган ва калибрланган маҳсулотнинг ташқи кўриниши, бир хиллиги ва қадоқланиши экспорт бозори талабларига мослаштирилади. Шу тариқа, даладан олинган хомашё тайёр экспорт маҳсулотига айлантирилмоқда.

Мош озиқ-овқат саноатида кенг қўлланиладиган дуккакли экинлардан бири бўлиб, таркибида оқсил, озиқ-овқат толалари, темир ва фолат каби озуқа моддалари мавжуд. Шу боис унга ички бозор билан бирга хорижда ҳам талаб юқори.
Корхона фаолиятининг яна бир муҳим жиҳати — янги иш ўринларининг яратилаётганидир. Ҳозирда бу ерда 5 та янги иш ўрни яратилган, яна 8 та бўш иш ўрни мавжуд. Ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 9–10 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Бўш иш ўринларига, аввало, кам даромадли оилалар ва ишсиз ёшларни жалб этиш режалаштирилган.

Корхонадаги бу жараён маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, унга қўшимча қиймат қўшиш ва тайёр маҳсулот сифатида ташқи бозорга чиқариш имкониятини кенгайтирмоқда. Бу эса туманнинг экспорт салоҳиятини ошириш билан бирга, янги иш ўринларини яратишга ҳам хизмат қилмоқда.

— Сардобада етиштирилган мошни замонавий технологиялар асосида қайта ишлаб, хориж бозорига чиқариш маҳаллий хомашёдан экспортбоп маҳсулот тайёрлаш ҳажмини оширишга хизмат қилмоқда. Бу, ўз навбатида, туманнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини кўпайтиришга замин яратади. Келгусида нафақат ишлаб чиқариш ҳажмини, балки экспорт географиясини ҳам кенгайтириш режалаштирилган. Айни пайтда янги бозорларни ўзлаштириш ва маҳсулот турларини кўпайтириш устида иш олиб борилмоқда, — дейди Сардоба туман ҳокимлиги Инвестициялар, саноат ва савдо шўбаси бош мутахассиси Бекзод Дўсбеков.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири