Сара уруғ–мўл ҳосил гарови
Бухоро вилояти Вобкент туманида пахта ва буғдой уруғчилигини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошидаги Уруғчиликни ривожлантириш марказининг “Вобкент элита уруғчилик хўжалиги” МЧЖнинг элита уруғчилик лабораторияларидан бири айнан ҳудудда фаолият юритаётган “Нажим Тошобод” фермер хўжалигида ташкил қилинган.
Бу ерда пахта момиғидан чигитни ажратадиган 2 та махсус техника воситаси ишлаб турибди. Ишчилар чигитни саралаб, алоҳида ҳозирлаб қўйилган оқ қопларга солиб, қадоқламоқда.

Ўтган йилги деҳқончилик мавсумида “Бухоро Агрокластер” МЧЖ томонидан Вобкент туманида фаолият юритаётган 329 та фермер хўжалиги билан тузилган тегишли шартномага мувофиқ 9 минг 547 гектар майдонда “Бухоро-6” ва “Бухоро-8” навли пахта экиб парваришланди. Шартномага кўра, кеч кузга келиб туман пахтакорлари барпо қилган “оқ олтин” хирмони салмоғи 39 минг 800 тоннадан оширилгани қайта ишлаш ва тўқимачилик тармоғи ривожига, хўжаликлар моддий манфаатдорлигига хизмат қилмоқда.
Қишлоқ хўжалигига инновацион ишланмаларни кенг жорий этиш мақсадида ўтган йилда жами 1189,6 гектар майдонда сув тежовчи суғориш технологиялари жорий қилингани, пахта майдонларининг 1146 гектарида, ғалла майдонларининг 43,6 гектарида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш усулларидан кенг фойдаланилаётгани ўз самарасини бермоқда. Айни кунда ҳам 1200 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш, 160 гектар ғалла майдонларига ёмғирлатиб суғориш, 400 гектар пахта майдонида дискрет усулида суғориш технологиясини жорий қилиш ҳаракати аллақачон бошланган.

“Нажим Тошобод” фермер хўжалигида 70 гектар майдонни шу кунларда маҳаллий ўғитга тўйинтириб, чилла сувига қондириб суғориш ишлари жадал бормоқда. Уруғ тайёрлашга эса алоҳида эътибор қаратилган. Экишга қадар бу хўжаликнинг чигитни туксизлантириш ва дорилаш лабораториясида 60 тонна миқдорида пахта чигити уруғлик сифатида тайёрланиб, вилоятдаги агрокластерларга тарқатиш чоралари кўрилмоқда. Айни пайтда асосан уруғлик олиш учун “Бухоро-8” ва “Бухоро-102” навларидан фойдаланилмоқда. Негаки, бу навлар толаси пишиқ, серҳосил ва уруғи ҳам мағзи бўлиқ ҳисобланади. Умуман, мазкур лабораторияда нафақат тумандаги, балки вилоятдаги фермер хўжаликлари учун пахта ва буғдой уруғликларини тайёрлашнинг пухта услуби ва механизми шакллантирилган. Эътиборли жиҳати, бу ерда эндиликда ғалланинг “Старшина” ва “Бобур” каби сара навлари уруғлигини тайёрлаш ҳам кўзда тутилган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири