Сарҳисоб: натижа ва истиқбол
Сурхондарё вилоятида 2014 йилда бандлик дастури доирасида 66 минг 418 янги иш ўрни яратилди. 41 минг 161 нафар касб-ҳунар коллежи битирувчиси иш билан таъминланди.
Сурхондарё вилоятида 2014 йилда бандлик дастури доирасида 66 минг 418 янги иш ўрни яратилди. 41 минг 161 нафар касб-ҳунар коллежи битирувчиси иш билан таъминланди.Термизда 2014 йил якунлари ва 2015 йилда Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишларига бағишланган фаоллар йиғилишида шу ва бошқа йўналишларда амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.
Вилоят ҳокими Т.Мамараимов бошқарган йиғилиш сим орқали мулоқот тарзида ташкил этилиб, муҳокама жараёнларини барча туман ва шаҳар студияларида маҳаллий Кенгашлар депутатлари, бошқарма ва идоралар, йирик саноат корхоналари раҳбарлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, касб-ҳунар коллежлари директорлари кузатиб бориш имкониятига эга бўлди.
Президентимизнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқиладиган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳисобот даврида вилоят иқтисодиётида барқарор ўсиш суръатлари таъминланди. Вилоят ялпи ҳудудий маҳсулот ўсиш суръати 9,3 фоизга етди. Саноат маҳсулотлари 11,5, истеъмол товарлари 13,6, қурилиш пудрат ишлари 16,1 фоизга ўсди.
Ҳудудий инвестиция дастури доирасида барча манбалар ҳисобидан 19 миллиард 508 миллион сўм қийматидаги маблағ эвазига 14 янги объект ишга туширилди. Қиймати 142,3 миллиард сўм бўлган 455 янги саноат корхонаси барпо этилиб, 9 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Сервис ва хизмат кўрсатиш соҳасида 450 янги субъект ташкил этилди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, мингдан зиёд кичик бизнес субъекти фаолият бошлади. Мавжуд 11 минг 344 тадбиркорлик корхоналарига 424 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди. Вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 74,5 фоизни ташкил этди.
Йиғилишда хусусий секторни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, иқтисодиётда давлат иштироки даражасини танқидий баҳолаб, 2015-2016 йилларда давлат мулкини хусусийлаштиришга доир янги дастурни ишлаб чиқиш тўғрисидаги масалалар ҳам атрофлича муҳокама этилди.
Фаоллар йиғилишида эришилган ютуқлар билан бирга, йўл қўйилган камчиликлар ҳам таҳлил қилинди. Вилоятнинг саноат салоҳиятини янада юксалтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилиш, соҳага хорижий инвестицияларни жалб этиш, коллеж битирувчиларининг бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларда сусткашликка йўл қўйилгани таъкидланди. Камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирлари белгиланди.