Саноат ярмаркасида 37 та меморандум имзоланди
Нукус шаҳрида табиий ва минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш, нефть-газ, кимё соҳалари бўйича тармоқлараро саноат ярмаркаси бўлиб ўтди.
Тадбирда ташкил этилган «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти марказий стендида тизим таркибидаги корхоналар томонидан маҳаллий саноатни ривожлантириш ва кооперация алоқаларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар намойиш этилди.
Ярмаркада шунингдек, Россия Федерациясининг «Хромос Инжиниринг» компанияси билан ҳамкорликда аналитик бошқарув бокслари, лаборатория газ, суюқлик ва саноат хроматографлари, кислород, симоб анализаторлари маҳсулотларини маҳаллийлаштириш бўйича қилинаётган ишлар тақдимоти ўтказилди.
[gallery-2872]
Иштирокчиларга «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни кооперация усулида ишлаб чиқаришни рағбатлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар бўйича ахборот берилди. Хусусан, тармоқ импортининг ҳар бир позициясини таҳлил қилган ҳолда уни маҳаллий корхоналар томонидан ўзлаштириш жараёнларини тўлиқ мувофиқлаштириб бориш ишларини тизим корхоналарига тақсимлаб бериш тажрибаси алоҳида эътироф этилди.
Тадбирда «Ўзбекнефтгаз» АЖ таркибидаги корхоналар томонидан умумий қиймати 42 миллиард сўмлик 47 та кооперация шартномалари бўйича таклифлар шакллантирилди. Шунингдек, янги маҳсулот турларини биргаликда ўзлаштириш юзасидан 23 та тадбиркорлик субъекти билан 37 та меморандум имзоланди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА