Саноат мутасаддилари олдига янги конларни ўзлаштириш вазифаси қўйилди
Президент Шавкат Мирзиёев қора металлургия саноатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказмоқда.
Мамлакатимизда 1,5 миллиард тонна темир руда захираси мавжуд. “Сурун-ота” конидан йилига 650 минг тонна темир хомашёсини олиш бўйича хитойлик ҳамкорлар билан келишувга эришилган.
Ушбу кондан темир концентрати 2027 йилдан бошлаб комбинатга етказиб берилиши шартлиги белгиланди.
Бундан ташқари, “Тебинбулоқ” конини уч-тўрт йилда ишга тушириш орқали йилига 1 миллион тонна пўлат ишлаб чиқариш имкони яратилади.
Тожикистондан йилига 700 минг тонна темир хомашёсини сотиб олиш бўйича меморандум имзолангани қайд этилиб, тез фурсатда шартномани расмийлаштириш ва келгуси йилдан хомашё олиб келишни бошлаш вазифаси қўйилди.
Металлургия соҳасидаги йирик хусусий корхоналар ҳам геология-қидирув ишлари, конлардан хомашё қазиб олиш ва тайёр маҳсулотгача бўлган тўлиқ технологик занжирни ташкил этишга тайёр экани таъкидланди.
Самарқанддаги корхона темир кони берилса, хомашё қазиб олишга 500 миллион долларгача сармоя киритиш ташаббусини билдирган. Бекобод металлургия комбинати эса хомашё базасини кенгайтириш учун Форишдаги 32 миллион тонна темир ресурсига эга “Темиркон”ни ўзлаштиришни сўраган.
Президентимиз бунинг учун шароит яратиш юзасидан топшириқлар берди.
ЎзА